Пойтахтда фуқаронинг уйи ва машинасидан марихуана топилди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда пойтахт Божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
«Шайҳонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида олдиндан тезкор кузатувга олинган 2 нафар шахслар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, улардан бирига тегишли “Спарк” автомашинасининг олд ўриндиғидаги пакетда Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра 215.56 гр. марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу шахснинг мазкур туманда истиқомат қилаётган хонадони кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам экспертиза хулосасига кўра 76,2 гр. оғирликдаги марихуана гиёҳвандлик воситаси сақланаётганлиги фош бўлди.
Шундай қилиб, тезкор тадбирда жами 291,76 гр. марихуана гиёҳвандлик воситаси процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, пойтахт божхоначилари жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида аинқланган 19 та ҳолатда 5,1 кг.дан зиёд оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари ҳамда 3 та ҳолатда 1645 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишган.
Шарҳлар