ФВВ портлаш хавфи бор кимёвий моддаларни сақлаш ва утилизация қилиш ишларини мувофиқлаштиради

Устранение последствий взрыва в Сергели
Устранение последствий взрыва в Сергели. Фото: Дарья Пензова/Anhor.uz

Портловчи кимёвий моддаларни сақлаш, ташиш ва утилизация қилиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда талабларга риоя этилишини назорат қилиш Фавқулодда вазиятлар вазирлигига юкланди. Бу Ўзбекистон президентининг 6 ноябрдаги қарорида белгилаб қўйилган, деб ёзади «Газета.уз».

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя  бошқармаси тузилмасида ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича бўлим ва бўлинмалар ташкил этилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизга олиб кирилаётган кимёвий моддалар, уларнинг божхона расмийлаштируви ва уларни олиб кирувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали реал вақт режимида Фавқулодда вазиятлар вазирлигига етказилади.

Кимёвий моддаларни фақат фавқулодда вазиятларнинг (ёнғинларнинг) олдини олиш ва саноат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган омборларда сақлашга рухсат берилади.

Кимёвий моддаларни сақлаш, ташиш, ишлатиш ва жўнатиш пайтида хавфсизлик талабларига риоя қилиш учун жавобгар қилиб қуйидагилар тайинланди:

  • ташувчи – кимёвий моддалар омборга жойлаштирилгунга қадар;
  • омбор эгаси – кимёвий моддаларни омборга жойлаштиришда;
  • фойдаланувчи – улардан фойдаланиш ва йўқ қилиш вақтида.

Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан бошлаб кимёвий моддаларни олиб кириш, ташиш, сақлаш, ишлатиш ва утилизация қилиш бўйича талабларга риоя этилиши устидан доимий мониторинг олиб боришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

  • божхона қўмитаси кимёвий моддаларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширади ҳамда бир кун муддатда ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кимёвий моддаларнинг тури, ҳажми ва импорт қилувчи субъект тўғрисидаги маълумотларни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва ҳаракат қилиш миллий марказига тақдим этади;
  • кимёвий моддаларни олиб кирувчи субъектлар кимёвий моддалар сақланадиган (омбори) жой тўғрисидаги маълумотларни ушбу моддалар божхона расмийлаштирувидан ўтган куннинг ўзида ахборот платформаси орқали Миллий марказга тақдим этади;
  • Миллий марказ кимёвий моддалар билан боғлиқ ҳар бир ҳаракат ҳақидаги маълумотларни доимий равишда янгилаб боради;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кимёвий моддаларни сақлаш, ишлатиш ва йўқ қилиш бўйича талабларга риоя этилишини, шу жумладан, уларни омборга жойлаштиришнинг тўғрилигини ўрганиш, парчаловчи таъсирга чидамли идишларда сақлаш, шунингдек, кимёвий моддаларни сақлаш, фойдаланиш ва йўқ қилиш, хавфли оқибатларга олиб келадиган реакцияга йўл қўймаслик бўйича назоратни амалга оширади.
  • Ички ишлар вазирлиги кимёвий моддаларни белгиланган манзилга хавфсиз етказиб бериш учун ҳамроҳлик қилишни таъминлайди.

Сентябрь ойида Тошкентнинг Сергели туманида катта миқдордаги кимёвий моддалар хавфсизлик талаблари бузилган ҳолда сақланган омборхонада техноген портлаш содир бўлган эди. Унда 163 киши жароҳатланган, бир ўсмир бола ҳалок бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.