ГФР Ўзбекистон билан миграция муаммоси ҳақида музокаралар олиб бормоқда

Фото: Lisi Niesner/REUTERS

Федерал ҳукумат бир қатор давлатлар билан Германиядан ноқонуний мигрантларни ватанига тезда қайтаришни таъминлайдиган «миграция ҳамкорлиги» бўйича музокаралар олиб бормоқда. “Айни пайтда сўз олти давлат ҳақида бормоқда, – деди 3 октябрь, сешанба куни ИИВнинг расмий вакили. – Булар Грузия, Молдова, Кения, Колумбия, Ўзбекистон ва Қирғизистондир”. Бу ҳақда DW ёзади.

Марказий Осиёнинг икки давлати билан музокаралар аллақачон анча олдинга силжиган. Май ойи бошида Ўзбекистон билан, сентябрь ойининг охирида эса Қирғизистон билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Матбуот котибининг сўзларига кўра, гап ноқонуний қочқинлар сонини камайтириш ва айни пайтда Германияга қонуний иммиграция учун имкониятлар яратиш ҳақида кетмоқда.

Германия ҳукуматининг миграция келишувлари бўйича махсус комиссари Йоахим Штамп (Joachim Stamp) сентябрь ойида Кенияда музокараларни олиб борганди.

Ички ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Колумбия бу рўйхатга, хусусан, бу мамлакат фуқароларининг бошпана сўраб мурожаатлари сони 2018 йилдаги 140 тадан 2023 йилнинг биринчи ярмида 1500 тагача кўпайгани учун киритилган. Унинг аниқлик киритишича, “Грузия ва Молдова алоҳида устуворликка эга, чунки Германияда бошпана сўраш рад этилган аризаларнинг ўндан кўпроғи фақат шу икки давлат фуқароларидан келиб тушади”. Шундай қилиб, 2023 йилнинг январидан августигача Грузия фуқароларидан 7405 та, Молдовадан 2124 та мурожаат келиб тушган.Тбилиси ва Кишинёв ҳукуматлари музокараларга тайёрлигини билдирди.

Айни пайтда федерал ҳукуматда Ҳиндистон билан тайёр миграция келишуви бор.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.