Президент гимнастикачилар мактабидаги шароитлар билан танишди

Шавкат Мирзиёев, Оксана Чусовитина, преподаватели и ученицы школы
Фото: president.uz

Бугун Президент гимнастика бўйича уч карра жаҳон чемпиони бўлган, саккизта Олимпиадада қатнашиб Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган Оксана Чусовитинанинг спорт маҳорати мактабига ташриф буюрди.

Ушбу мактабга давлат раҳбарининг  2022 йил 14 мартдаги “Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш тўғрисидаги” қарори орқали асос солинган эди.

Хабарга кўра, “Мактабнинг биринчи қаватида асосий ва машғулотлар зали, тренажёр майдончаси, тиббиёт хонаси ва ошхона жойлашган. Тепа қаватлардан 165 ўринли ётоқхона, меҳмонхона, информатика ва маънавият хоналари ўрин олган бўлиб, мактаб Германиядан келтирилган спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланган”.

Гимнастика мактаби 1-11-синфлардаги 105 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда   бу ерда 91 нафар ўғил-қизлар маҳоратини оширмоқда. Уларга иккита хорижий тил ҳам ўргатилади. Ёш гимнастлар умумий таълим дарсларини туташ ҳудудда жойлашган 175-мактабда ўқийди.

“Нима учун биз бу йўналишга катта эътибор бериб, мактаблар яратаяпмиз? Гимнастика – ҳамма спорт турларининг асоси. Футболчи ҳам, боксчи ҳам, соғлом бўламан деган инсон ҳам гимнастика қилиши керак. Иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларга таълим бериш билан бирга уларни спорт билан шуғуллантиролсак, юртимизда соғлом зурриёд, соғлом миллат бўлади”, – деди Президент.   

Маълумот ўрнида, Чусовитина издошлари ўтган йили спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика бўйича халқаро мусобақаларда 4 та, республика турнирларида 6 та ва спорт мактаблари ўртасида 24 та медални қўлга киритган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.