Ўзбекистонда гугурт ишлаб чиқарувчи 5 та корхонанинг маҳсулотлари сифатсиз деб топилди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси назорат хариди учун “AVION”, “JEEP”, “ФЭСКО”, “GUGURT” ва “VIKTORY” савдо белгиси остидаги гугурт маҳсулотларидан сотиб олинган намуналарнинг ГОСТ 1820-2001 стандарти талабларига номувофиқлигини аниқлади.

Қўмита томонидан ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишларда қуйидагилар аниқланди:

Харид қилинган намуналарда минимал гугурт чўпи сони 11-17 донага камлиги натижасида

– “UP-MATCH” МЧЖ (“JEEP”) 150 млн сўмлик маҳсулот сотилган, истеъмолчилардан эса 44 млн 700 минг сўм ортиқча маблағ олинган;
– “ATLAS-INVEST” МЧЖ томонидан 66,5 млн сўмлик гугурт сотилган бўлиб, истеъмолчилардан 20,5 млн сўм ортиқча маблағ олинган.

Рақобат қўмитаси томонидан мазкур МЧЖларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган. Мазкур жамиятлар томонидан кўрсатма талаблари ўз вақтида бажарилиши таъминланди. яъни сифатсиз гугурт маҳсулотлари савдо расталаридан олинди. Ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш ёки гугуртларни сифатлисига алмаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, сифатсиз чиққан “AVION”, “ФЭСКО” ва “VIKTORY” савдо белгиси остидаги гугурт маҳсулотлари хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилгани аниқланди ҳамда уларга нисбатан ҳам белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида. ГОСТ 1820-2001 стандарти талаблари бўйича 4 (2/3) форматдаги гугуртларнинг алоҳида қутиларида энг кўп тўлдирилиши 40 дан 60 донагачани ташкил этиши, энг кам тўлдирилиши 37 дан 52 донагача бўлиши шарт.

Ушбу ҳолатлар юзасидан, гугурт маҳсулотлари реализациясида қонун бузилишига йўл қўйган субъектларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.