Халқ табобати ва замонавий тиббиёт уйғунлиги нимада

Foto: ochiq manba

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш доирасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида халқ табобати усулларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилиб, халқ табобатининг усуллари ва ютуқларини самарали ва хавфсиз тарзда қўллаш учун биринчи навбатдаги шарт-шароитлар яратилди.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларида ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилди.

Аммо шунга қарамай, аҳолининг соддадил, ишонувчан эканлигидан, қонунчилигимизда халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатганлик, шунингдек хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаганидан фойдаланиб, даромад орттиришни мақсад қилган сохта табиблар пайдо бўла бошлади.

Бундай ҳолларда аҳолимиз сохта табибларнинг қурбонига айланиши, ушбу хизматларнинг оқибатлари эса фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини инобатга олиб, бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган мазкур ҳужжат билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатганлик, шунингдек хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Бундай хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилиб, халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилиш қонун билан тақиқланди.

Бу эса, ўз навбатида, жаҳонда табобат илмига муносиб хисса қўшган, асарлари ҳозирга қадар тиббиёт олийгоҳларида дарслик сифатида ўқитиладиган Ибн Синодек буюк аллома юрти бўлмиш Ўзбекистонда халқ табобатини касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволашда замонавий тиббиёт билан мувофиқ ҳолда қўллаш орқали юқори самарадорликка эришишга хизмат қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.