Халқ таълими тизимида ўтказилган ички аудит 16 млрд сўмлик ўғирлик ва камомадни аниқлади
Халқ таълими вазирлиги ички аудитининг 9 ойлик фаолияти давомида жами 194,7 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилган. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлигининг вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида таълим муассасаларида 197 та ўрганиш тадбирлари ўтказилиши натижасида жами 47 553 та ҳолатда 76,5 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 6 530 та ҳолатда 16 млрд. сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.
Бугунги кунда, Ички аудит хизмати томонидан ўтказилаётган ўрганишлар хавф-таҳлилларга (риск-анализ) асосланиб, яъни тизимдаги таълим муассасалар фаолиятини масофадан мониторинг қилиш мобайнида шубҳали ҳолатлар аввал таҳлил қилиниб, аниқланган ҳолатлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар объектларга йўналтирилмоқда.
Хусусан, тизимда ишловчи ходимларга нотўғри белгиланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқлаштирилиши натижасида 12 млрд. сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилган.
Умумтаълим муассасаларидаги асосий воситалар ва бошқа жиҳозларни хатловдан ўтказиш натижасида жами 26,3 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ортиқча сақланиш ҳолатлари аниқланиб, ўрганиш давомида белгиланган тартибда бартараф қилинган.
Таълим муассасаларининг харажатлар сметаси тузилиши жараёнида 50,3 млрд. сўмлик қўшимча эҳтиёж мавжуд бўлган йўналишларга профилактика ишлари натижасида бўшаб қолган маблағларни йўналтириш ҳисобидан қопланган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 158 та 61,4 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Шарҳлар