«Хатар гуруҳи учун касаллик аввалгидай хавфли» – Зангиота-2 махсус касалхонаси директорининг мурожаати
Зангиота-2 ихтисослашган касалхона директори Дониёр Миразимов Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисига мурожаат билан чиқди:
Ҳурматли юртдошлар!
“Омикрон” штамми бўйича бироз маълумот бермоқчиман. Бизнинг маълумотларимизни бошқа мамлакатлардаги мутахассисларнинг хулосаси ҳам тасдиқламоқда. Касалликнинг ушбу варианти енгил кечади, у кўпроқ юқори нафас йўлларини шикастлайди, ўпкага ўтиш ҳолатлари кам учрайди. Тез тарқалади, аммо касалликнинг давомийлиги анча қисқа. Хатар гуруҳи (кексалар, сурункали касалликларга эга, ортиқча вазнли ва эмланмаган кишилар) учун касаллик аввалгидай хавфли.
Зангиота 1 ва 2 ихтисослашган касалхоналари мурожаатлар сони кескин кўпайгани боис катта юклама остида қолган. Айтиш жоизки, мурожаат қилувчиларнинг тахминан ярми диагноз қўйиш учун мурожаат қилмоқда (яъни экспресс-тест ўтказиш). Бир суткада тахминан 150-170 кишида салбий натижа аниқланмоқда (параллел равишда мавсумий одатий грипп тарқалиши ҳам аҳамиятга эга). Қабул бўлимларида одамлар тўпланиб туришини инобатга оладиган бўлса, ковидни юқтириш хавфи юзага келади.
Сиз касалхонага оддий ЎРВИ билан келасиз, бироқ уйга “омикрон” билан қайтиб кетишингиз мумкин. Бунда одамларнинг кўпчилиги ҳамроҳлари билан бирга келади ва бу билан нафақат ўзларини, балки яқинларини ҳам хатарга қўяди.
Ҳаммага илтимос қиламиз: Зангиота 1 ва 2 ихтисослашган касалхоналари ковид-19 асоратларига эга оғир касал бўлган беморларни даволаш учун мўлжалланган. Заруратсиз инфекцион даволаш муассасаларига бориш – бу енгилтаклик.
Айни пайтда Тошкентнинг ҳар бир туманида ковид-поликлиникалар очилган, улар етарли миқдорда тест-тизимлари билан таъминланган. Бундан ташқари, ҳар бир туман СЭС бўлинмаси экстпресс-тестдан ўтказиш ишларини олиб боради.
Касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганида, диагноз қўйиш учун, энг аввало, ихтисослашган поликлиникаларга ва туман СЭС бўлимларига мурожаат қилишга чақираман, бу билан сиз бизга ресурслардан оғир беморларни даволаш учун фойдаланиш имконини тақдим этган бўласиз.
Бундан олдин биз Тошкентдаги туну-кун ишлайдиган ковид-поликлиникалар рўйхати ва манзилларини чоп этгандик.
Шарҳлар