Хитой ва Ўзбекистон ўртасида авиақатновлар сони ҳафтасига 20 тага етказилди

Шенси провинциясининг Циан шаҳрида «Zhejiang Loong Airlines» авиакомпаниясининг Циан-Самарқанд-Циан йўналиши бўйича биринчи парвозига старт бериш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Хитойнинг 20 га яқин сайёҳлик компаниялари, 30 га яқин маданият ва туризм соҳаси ҳамда 10 дан зиёд оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Циандаги хорижий дипломатия ваколатхоналари ходимлари иштирок этди.

Меҳмонларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда мамлакатнинг туризм салоҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Тадбир чоғида Ван Хайпен Хитой ва Ўзбекистоннинг энг муҳим маданий марказлари ўртасида авиақатновларнинг йўлга қўйилиши, минтақавий дўстона муносабатлар мустаҳкамланишига, хусусан, мазкур ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида авиақатновлар сонини кўпайтириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш нафақат «Бир макон, бир йўл» ташаббуси мақсадлари билан ҳамоҳанг, балки икки мамлакат давлат раҳбарлари томонидан 2023 йил 18 май куни Циан шаҳрида имзоланган Ўзбекистон билан ХХРнинг Қўшма баёноти, шунингдек, 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан Хитой ўртасида янги даврда ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш Дастури ҳамда Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 23-25-январ кунлари Хитойга амалга оширган давлат ташрифи чоғида томонлар ўртасида эришилган келишувларда ҳам ўз аксини топганлиги баён этилди.

Мазкур келишувлар ижроси доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида айни вақтга келиб, икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сони ҳафтасига 20 тага етказилганлиги билдирилди.

Ушбу парвозлар «Uzbekistan Airways», «Zhejiang Loong Airlines» «China Southern Airlines» авиакомпаниялари томонидан йўлга қўйилган бўлиб, амалга оширилаётган рейслар Пекин-Тошкент ўртасида 7 та, Урумчи-Тошкент ўртасида 5 та, Циан-Тошкент ўртасида 3 та, Ченду-Тошкент ўртасида 3 та ва Циан-Самарқанд ўртасида 2 та эканлиги маълум қилинди.

Тадбир сўнггида Хитой томони билан мазкур йўналишдаги тизимли ишларни изчил давом эттиришга хусусан, соҳага оид шартномавий-ҳуқуқий базани яна-да такомиллаштирган ҳолда яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини ҳафтасига 100 тага етказишга келишиб олинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.