Хивадаги Тош-Ҳовли саройи АҚШ кўмагида реконструкция қилинди
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида Хива шаҳридаги Тош-Ҳовли саройида консервация ишлари якунланиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
1829-1839 йилларда Хива хони томонидан қурилган Тош-Ҳовли саройи об-ҳавонинг оғир шароитлари ва илгари нотўғри олиб борилган реставрация ишлари туфайли унинг безак кошинлари ва ғиштлари парчаланиб кетиб, таъмирлашга муҳтож эди, дейилади элчихона хабарида.
Давлат департаменти элчисининг Маданиятни муҳофаза қилиш фонди (AFCP) ёрдамида ушбу саройнинг безакли майолика плиталарини қайта тиклаш ва етишмаётганларини бир хил, янги ясалган кошинлар билан алмаштириш учун ҳудуддан юқори малакали кулолчилар авлоди ёлланди.
Тош-Ҳовли саройи хоразмлик кулоллар, ёғоч ва мармар ўймакор усталари, хаттотлар ҳунармандчилигининг ёрқин ифодасидир. Усталар биргаликда кўп асрлик ўзбек маданияти ва анъаналарини ўзига сингдирган ҳақиқий санъат асарини яратган. Ушбу тарихий обидада тақдим этилган бадиий элементлар Хивага хос бўлиб, бошқа ҳеч бир жойда учрамайди. Тош-Ҳовли 1990 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳрининг бир қисми сифатида 19 асрда қурилган энг муҳташам саройлардан бири ҳисобланади.
“Ўзбекистоннинг мафтункор ва бетакрор маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссамизни қўшиш имкониятидан мамнунмиз, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник. – Биз Ўзбекистоннинг нафақат бой тарихини, балки келажагини ҳам қўллаб-қувватлаймиз, туризмга ва бу орқали мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятига бўлган қизиқишини оширамиз, маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини намойиш этамиз”.
АҚШ Давлат департаменти элчисининг Маданиятни муҳофаза қилиш жамғармаси (AFCP) тарихий жойлар, артефактлар, қўлёзмалар ва санъат, архитектура, мусиқа, рақс ва тил каби анъанавий ифода шаклларини сақлаш учун грантлар ажратади.
AFCP Америка дипломатиясининг бир қисмидир, бу орқали Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб маданий меросни сақлашда Американинг етакчилигини намойиш этади ва бошқа маданиятларга бўлган ҳурматини кўрсатади.
Дунё бўйлаб AFCP 130 дан ортиқ мамлакатларда камида 1200 та лойиҳани молиялаштириш учун 115 миллион доллардан ортиқ хайрия қилди.
Ўзбекистонда Қўшма Штатлар 9 та маданий мерос лойиҳасини амалга ошириш учун 700 минг доллардан ортиқ сармоя киритди. АҚШ элчихонаси Қашқадарё вилоятидаги Лангар отада реставрация ишлари 2023 йил охирида бошланишини интиқлик билан кутмоқда.
Шарҳлар