Ҳоким ўринбосари ва катта инспекторнинг қилмишлари очиқланди

Фото: Олтинсой тумани ҳокими

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокимининг ўринбосари плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган хусусий корхонани “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида маҳаллий деҳқонларга плёнка етказиб берувчи таъминотчи корхона сифатида тайинлаш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағи ҳисобидан 15 млн. сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида, ҳоким ўринбосари ўзининг қўштирноқ ичидаги холис ёрдами эвазига аввал 10 млн. сўм олганлиги ҳам маълум бўлган. У муқаддам Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Шунингдек, МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори Бюронинг марказий аппарати иш юритувидаги паррандачилик корхонаси ҳисобидан акциядорлик тижорат банки фойдасига жами 11 млн. 108 минг 629 АҚШ доллари ва 265 минг 187 евро миқдоридаги қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан белгиланган хизмат ҳақини турли важлар билан баҳолаш фирмаси фойдасига оширилган нархда кўрсатган.

Катта инспектор банк томонидан баҳолаш фирмаси ҳисобига ўтказилган ортиқча пул маблағидан ўзининг улуши сифатида 2500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.