Хонанда Жасур Кенжаев машина ҳайдаётган пайтда телефондан фойдалангани учун жаримага тортилди
Шу кунларда хонанда Жасур Кенжаев томонидан жойлаштирилган видео ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланди. Хонанда ўз блогида аёлларнинг автомобилни бошқариш қобилияти ҳақида ўз фикрини билдирган, дея хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ.
Жасур Кенжаев видеода шундай деган: «Аёл киши бор кучини ишга солганида ҳам, ҳатто 100 йилда ҳам автомобиль нималигини ва уни ҳайдашни тушунмайди».
ИИББнинг қайд этишича, ҳар бир фуқаро ўз нуқтаи назарини, ўз қарашларини баён этишга ҳақли, бироқ у қонунни бузишга ҳаққи йўқ.
Видеода Жасур Кенжаев автомобилни ҳайдаш жараёнида телефондан фойдаланаётганини кўриш мумкин.
«Икки кун аввал шаҳарда кетаётганимда олдимда аёл киши бошқараётган машина кетарди. У йўл белгиларига эътибор бермасди, қаерда қулай бўлса, ўша ерда буриларди, бу билан у мени қаттиқ асабийлашишга мажбур қилди. Шу боис мен жаҳл билан ўйламасдан ва қўпол гапирдим. Мен аёллардан узр сўрайман. Мен гендер тенглиги тарафдориман, эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлар ва имкониятларга эга деб ҳисоблайман. Узримни инстаграмдаги блогимда ҳам жойлаштирдим», – дейди Жасур Кенжаев.
Жасур Кенжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125 (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши) ва 128 (ҳайдовчилар томонидан йўл белгилари талабларига …амал қилмаслик) моддалари бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек ИИББ ҳайдовчилардан ЙҲҚга амал қилишни ва автомобилни бошқараётган пайтда телефондан фойдаланмасликни сўраб қолган.
Шарҳлар