,

Хоразмда 138 та дарахт ва бутани ёқиб юборган фуқаролар 756 млн сўмдан ортиқ зарарни қоплаши керак

Хоразм вилоятининг Шовот туманида дарахтларни кесиш факти бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ижтимоий тармоқларда “Шовот туманида дарахтлар шафқатсизларча ёқиб юборилди” деган хабар тарқалгач, вилоят прокуратураси, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, шунингдек, Шовот туман инспекцияси томонидан тергов ҳаракатлари бошланди.

Ўрганиш давомида «Гулистон» маҳалласида жойлашган фермер хўжалиги ҳудудидаги 119 туп турли кўринишдаги манзарали дарахт ва 19 туп бута шикастланиб, ёниб кетгани маълум бўлди.

Шундай қилиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси, “Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси ва «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида» ги Қонуннинг 20-моддаси талаблари бузилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.08.2022 йилдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 4-иловасига асосан табиатга етказилган зарар 456 миллион 020 минг сўмни, зарарни қоплаш суммаси 756 миллион 200 минг сўмни ташкил этади.

Вазият юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан экинларга, ўрмонларга, дарахтларга ёки бошқа ўсимликларга қасддан зарар етказиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.