Иқлим ўзгаришининг оқибатлари ҳар бир болани хавф остига қўймоқда

Источник: ЮНИСЕФ

Бугун Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида болалар ва ёшлар – эковолонтёрлар, Ю-Репорт волотёрлари, UPSHIFT ижтимоий инновациялар дастури , STEM UniSat таълим дастурининг иштирокчилари вазиятни муҳокама қилиш ва чора-тадбирларни таклиф этиш учун қарорларни қабул қилувчи шахслар билан иқлим ўзгариши бўйича мулоқотда иштирок этишди. Мунозарада Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан 100 нафарга яқин болалар ва ёшлар шахсан ва онлайн тарзда қатнашишди.

Табиий ресурслар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий Мажлиснинг болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили, нодавлат нотижорат ташкилотлари, БМТ агентликларининг вакиллари билан ёшлар ўртасида самарали мулоқот бўлиб ўтди.

“Инсон ҳаёти атрофдаги табиат билан узвий боғлиқ бўлиб, инсон усиз яшай олмайди. Табиий ресурслар вазирлиги ЮНИСEФ билан мамлакатда иқлим барқарорлигига эришиш, шунингдек, болалар ва ёшларни барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгариши кун тартибига фаол жалб этиш йўлида ҳамкорлик қилмоқда”, — деди табиий ресурслар вазири Азиз Абдуҳакимов. – Бунда биз болалар ва ёшлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратамиз.

Мулоқотнинг ёш иштирокчилари иқлим ва экологик хавф-хатарлар болалар фаровонлиги ва келажагига ҳалокатли таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидладилар. Табиий офатларга тайёргарлик кўриш, атроф-муҳитнинг таназзулга учраши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, ҳавонинг ифлосланиши, муқобил энергия манбалари каби масалалар муҳокама қилиниб, муаммоларни ҳал этишнинг аниқ йўллари таклиф этилди.

Тадбирда ёшлар, шунингдек, онлайн тарзда иштирок этаётган ҳудудлардаги болалар иқлим ўзгариши шароитида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоавий масъулият ва мажбуриятни англаш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, боланинг ҳозир ва келажак авлодлар учун тоза ва хавфсиз атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган барча омилларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш зарурлиги қайд этилди.

“Иқлим инқирози – бу болалар ҳуқуқларининг инқирозидир. Бу эса болаларни соғлом ва бахтли улғайиш имкониятидан маҳрум қилади ва охир-оқибат касалликка олиб келиши ва ҳатто уларнинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин”, — дейди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. “Яшашга яроқли сайёрани сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар нафақат ёшларнинг ўзига хос эҳтиёжлари ва заиф томонларини ҳисобга олиши, балки уларни қарор қабул қилиш жараёнига ҳам жалб қилиши керак. Болалар ва ёшлар хавфсиз ва барқарор жамият учун муҳим кўникмалар, тажриба ва ғояларга эга”, — деди у.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.