Ички иқлим миграцияси ўчоқлари 2030 йилдаёқ шаклланиши мумкин
Жаҳон банкининг бугун эълон қилган Groundswell (“тўққизинчи вал”) янгиланган маърузасида айтилишича, миграциянинг тобора кучайиб бораётган омили бўлган иқлим ўзгариши 2050 йилга келиб дунёнинг олти минтақасидаги 216 миллион одамни бошқа жойга кўчиб ўтишга мажбур қилиши мумкин.
2050 йилга келиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5,1 миллионгача иқлим муҳожирлари ёки пессимистик бошланғич сценарийнинг энг юқори поғонасида умумий прогноз қилинадиган аҳолининг 2,3 фоизи пайдо бўлиши мумкин. Улардан 2,4 миллионгача «иқлим» муҳожирлари Марказий Осиёда яшайди (ўртача пессимистик бошланғич сценарий бўйича).
Прогнозларга кўра, Фарғона водийси (Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида), Тошкент атрофидаги ерлар ва Тожикистон жанубининг пасттекисликлари (шу жумладан Душанбе), шунингдек, Қозоғистон шимолидаги аҳоли зич жойлашган шаҳарлар (Қарағанда, Нур-Султон ва Кустанай) «иқлимий» муҳожирлар оқими зонасига айланади. Бу Ўрта Осиёнинг мазкур ҳудудларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг кутилаётган ўсиши билан боғлиқ.
Қозоғистоннинг жанубий чегараси бўйлаб жойлашган ҳудудлар, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсига туташ ҳудудлари, шунингдек, Бишкек атрофидаги ерлар «иқлимий» муҳожирларнинг чиқиб кетиш зонасига айланиши кутилмоқда. Бу Ўрта Осиёнинг мазкур қисмларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши билан боғлиқ. Худди шу сабабларга кўра, Амударё бўйида жойлашган Шарқий Туркманистон ва Ўзбекистон жанубининг кичикроқ ҳудудлари ҳам «иқлимий» муҳожирлар учун потенциал чиқиб кетиш жойлари ҳисобланади.
Ички иқлимий миграция ўчоқлари, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам тез орада – 2030 йилга келиб шаклланиши мумкин ва 2050 йил яқинлашгани сари бу жараённинг кўлами ва интенсивлигининг ўсиши давом этади. Бироқ, маърузадан шу нарса келиб чиқадики, глобал зарарли газлар чиқишини камайтириш ва яшил, инклюзив ва барқарор ривожланишни қўллаб -қувватлаш бўйича зудлик билан келишилган ҳаракатлар иқлим миграциясини 80 фоизгача камайтириши мумкин.
Иқлим ўзгариши ички миграциянинг кучли қўзғатувчиси ҳисобланади, чунки бу аҳоли даромад манбаларига таъсир қилади ва ундан энг кўп зарар кўрган ҳудудларда ҳаёт сифатини кескин ёмонлаштиради. 2050 йилга келиб, Африканинг Саҳрои Кабиридаги ички «иқлим» муҳожирлари сони 86 миллионга, Шарқий Осиё ва Тинч океанида 49 миллионга, Жанубий Осиёда 40 миллионга, Шимолий Африкада – 19 миллионга, Лотин Америкасида 17 миллионга, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда эса 5 миллионга етиши мумкин.
«Тўққизинчи вал» маърузаси иқлим ўзгариши, айниқса, уни келтириб чиқаришда роли минимал бўлган дунёнинг энг камбағал аҳолиси одамлари учун азоб -уқубатлар ва қурбонлар ҳақида ҳушёр торттирувчи эслатмадир. Шу билан бирга, маърузада мамлакатлар иқлим миграциясининг баъзи асосий омилларини зарарсизлантириш учун қандай йўл тутиши кераклиги аниқ кўрсатилган ”, – деди Жаҳон банкининг барқарор ривожланиш бўйича вице -президенти Юрген Фёгеле.
Маърузада келгусидаги воқеаларнинг мумкин бўлган натижаларини ўрганиш учун сценарийга асосланган ёндашувдан фойдаланилган, бу эса тегишли давлат органларига узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқишда ёрдам беради.
Маъруза иқлим миграциясининг сабабларини камайтиришга ва кутилаётган миграция оқимига тайёргарлик кўришга кўмаклашадиган бир қатор стратегик характердаги тавсияларни беради, жумладан:
- глобал миқёсда зарарли газлар чиқишини камайтириш ва ҳароратга нисбатан Париж битимининг мақсадларига эришиш учун ҳамма нарсани қилиш;
- экологик тоза, барқарор ва инклюзив ривожланишни узоқ муддатли режалаштиришда ички иқлим миграцияси омили ҳисобга олинишини тўлиқ таъминлаш;
- ички иқлим миграцияси мослашиш стратегияларидан бирига айланиши ва ривожланишнинг ижобий натижаларини бериши учун миграциянинг ҳар бир босқичига тайёргарлик кўриш;
- мақсадли сиёсатни оқилона ишлаб чиқиш учун ички иқлим миграцияси сабабларини чуқур ўрганишга сармоя киритиш.
Шарҳлар