Кушербаев – «ИИВ лойиҳаси сабаб кўплаб дарахтлар қирилиб кетади». Бунга Ички ишлар ва Адлия вазирлигининг муносабати
Ички ишлар вазири буйруғи билан «Автомототранспорт воситаларида амалий машғулотларни ва имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган ўқув автодромига қўйиладиган талаблар» белгиланмоқда, – деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати, Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев.
«Ушбу талабларнинг 9-бандида «ўқув автодромининг кўкаламзорлаштирилган ҳудудида (мавжуд бўлганда) экиладиган ўсимликларнинг баландлиги 0,2 метрдан (20 см) ошмаслиги керак», деб белгиланган. Ушбу талаб кучга кирса мамлакатдаги барча ўқув автодромларидаги дарахтларни оммавий кесишга тўғри келади. Чунки, ўсимликлар 20 см.дан ошмаслиги керак. Янги автодромлар эса худудига дарахт экмай қўяди. Айтишларича, ушбу буйруқ айни пайтда Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда. Маълумот учун: Ички ишлар вазирлиги ушбу буйруқни Экология вазирлиги билан келишмаган», – дейилади унинг хабарида.
Кушербаевнинг жойлаштирган постига жавоб тарзидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов қуйидагича маълумотларни тақдим этди.
«Кушербаев, пиар келган жойда ҳар қандай мавзуни хейтга айлантиришини жуда яхши биламиз (яъни, мен жуда кучли танқидчиман, ҳар қандай мавзуни «кавлаб» ташлайман, жамоатчилик мени гапимни «ейди» каби, трендда ўзини ушлаб туришни яхши кўради). Биринчидан автодром ўрмон ҳудудларида ёки боғларда қурилмаяпти. Шу мақсад учун очиқ жойлар ҳар доим махсус танланади ва / ёки танланган бўлади (нормага кўра, улар асфальтланган ёки бетонланган бўлиши лозим). Ҳужжат лойиҳасида кўрсатилган талаблар, яъни 3-боб, схеманинг жиҳозларига қўйиладиган талабларни батафсил тавсифлайди. Ўйлайманки, жамоатчилик бунга рози бўлади, ҳатто келажакда кимдир автодромни яхшилаш ёки кўкаламзорлаштиришга қарор қилса, у ҳолда норма бўйича 0,2 метрни ташкил қилади, бу нормалдир.
Шу боис, Кушербаев маълумотни ёмонликка олишдан олдин ўзи қаерда ва қандай машина ҳайдашни ўрганганини айтсин», – дейилади Ғиёсовнинг муносабатида.
Унинг Anhor.uz сўровидан сўнг қўшимча қилишича, «Жаноб Кушербаев, нечта автодромда минглаб дарахт кўрдингиз? Пиар, ҳам эви билан, у яхши, лекин мавзуга сал тушиши керак…», – деган Шоҳруҳ Ғиёсов.
Бу орада Расул Кушербаев телеграмдаги саҳифасида яна бир хабар қолдирди. Унда айтилишича «Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Ички ишлар вазирининг юқорида айтилган буйруғида бир қатор камчиликлар бўлганлиги сабабли ушбу ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилибди», – дейилган.
Anhor.uz Расул Кушербаевнинг жойлаган маълумотига аниқлик киритиш мақсадида Адлия вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева билан боғланди. Унга кўра;
«Ички ишлар вазирининг юқорида айтилган ҳужжатида бир қатор камчиликлар бўлганлиги сабабли ушбу лойиҳа вазирликга камчиликларини бартараф этиш учун қайта юборилган. Рад этилмаган. Ички ишлар вазирлиги «Автомототранспорт воситаларида амалий машғулотларни ва имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган ўқув автодромига доир умумий талабларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруқ/қарорни белгиланган тартибда камчиликларини қайта ишлаб, тўғриланган ҳолда Адлия вазирлигига қайта киргизиши мумкин«, – деган Севара Уринбоева журналистимиз билан телефон суҳбатида.
Шарҳлар