Bo'limsiz

Ички ишлар вазирлиги 3,6 млн еврога 7000 та планшет харид қилмоқчи

Фото: Мила Аксёнова

3 июль куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги профилактика инспекторлари, патруль-пост хизмати ходимлари ва бошқа хизматлар учун 7 минг дона планшет етказиб бериш бўйича тендерни якунлади. Бу ҳақда давлат харидлари порталида маълум қилинди, деб ёзади «Газета» нашри.

ИИВ маълумотларига кўра, планшетдан унинг бўлинмалари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари, патруль хизмати ва бошқа хизматлар (маъмурий баённомалар тузиш, фуқаролар ва ўғирланган транспорт воситаларини, қидирувда бўлган шахсларнинг маълумотлар базалари бўйича шахсини аниқлаш, ИИВ маълумотлар базасига тезкор киришни таъминлаш, матнли ҳужжатлар, фото ва видео материаллар, овоз файлларини юбориш) “ишларни сифатли ва тезкор даражага олиб чиқиш” учун фойдаланилади.

Харид қилиш учун ҳукуматнинг 2021 йил 15 октябрдаги қарори, мажлис баёни ва президентнинг 2022 йил 16 майдаги қарори асос сифатида кўрсатилган.

Техник топшириқда планшетнинг минимал характеристикаларини кўрсатилган: Android  9 ёки ундан юқори версиялар асосида, шу жумладан долзарб версияда, процессор частотаси – камида 2 ГГц, камида 8 ядроли, ўрнатилган хотира – камида 64 ГБ, оператив хотира – камида 4 ГБ, экран – камида 8 дюйм, батарея – 10 минг мАс, бармоқ излари сканери, IP67 ҳимояси, шунингдек, 12 ойлик кафолат муддати.

Даставвал 10 мингта планшет сотиб олиш режалаштирилган эди, кейин уларнинг сони қисқартирилди. Харид бюджет маблағлари ва Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари (жарималардан тушумлар ва бошқа манбалар) ҳисобидан амалга оширилади.

Тендернинг бошланғич баҳоси 53,7 миллиард сўм этиб белгиланди. Танловда 9 та компания иштирок этди, улардан 7 таси тақдим этилган планшетлар намуналарида камчиликлар (стилус йўқлиги, бармоқ излари сканерида парда кўринишидаги ҳимоя, процессорнинг кучли исиши, экран ўлчамлари мос келмаслиги ва бошқалар) туфайли рад этилди.

Қолган иккита компаниянинг тендер комиссияси Start Group компаниясини 3,61 миллион евро миқдоридаги етказиб бериш суммаси билан ғолиб деб топди, бу ўша пайтдаги 44,66 миллиард сўмга тенг эди (планшет нархи тахминан 6,38 млн сўмни ташкил қилади).

50,5 миллиард сўмни таклиф этган Solution Trade компанияси захира ғолиб сифатида танланди.

Комиссиянинг олти аъзосидан биттаси тендер натижаларига рози бўлмаган.

Start Group компанияси Литвада рўйхатдан ўтган бўлиб, турли моделдаги мустаҳкам, зарбага чидамли планшетлар, шунингдек, сунъий йўлдошли рациялар, саноат принтерлари ва бошқа маҳсулотларни сотиш билан шуғулланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.