Ихтисослаштирилган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилади

Источник: president.uz

Ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиши белгиланди. Президент Президент Шавкат Мирзиёев 17 январь куни мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишини ўтказди.

«Бу Агентликни фақат 14 та [президент – таҳ.] мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак», – дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.

Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган бўлди. Бунда ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда ишчи гуруҳ тузиб, ҳудудлардаги шароитларни ўрганиш, танланган мактабларни янги стандартлар асосида ўқув йилига тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

«Ихтисослаштирилган мактаб дегани 2 соат кўп дарс ўтиш дегани эмас. Унда болалар махсус фан бўйича тўлиқ билимга, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Ўқувчиларда миллий руҳ, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлиши керак», – деди президент.

Ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади. Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.

Агентликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази негизида илмий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. У ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро методика асосида илғор таълим дастурлари ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бу ишларни самарали ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда Президент таълим муассасалари агентлигининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.