ИЛМА директорининг ўринбосари:«2022 йил Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида кучли ривожланиш йили бўлди»

Источник: НАПП

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 2022 йил якунларини сарҳисоб қилди. Мамлакатда крипто-активлар муомаласи соҳаси энг ривожланаётган лойиҳа бўлиб чиқди. Тадбирда агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, агентлик директори ўринбосари Даврон Мақсудов, Криптоактивлар айланмасини ривожлантириш департаменти бошлиғи Асқар Зокиров ва Лицензиялаш ва рухсат берувчи процедуралар бошқармасининг бошлиғи Нодиржон Жўраевлар иштирок этди.

“2022 йил Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳаси учун ютуқлар йили бўлди”, — дейди Вячеслав Пак.

Агентликнинг мамлакат президенти томонидан қўллаб-қувватланган ташаббуслари натижасида миллий крипто бозорнинг институционал тузилмаси яратилди ва кенгайтирилди, криптоактивлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолиятини лицензиялашнинг янгиланган тизими яратилди ва кенгайтирилди, майнингни амалга оширишнинг умумий қоидалари белгиланди, – дея қайд этади агентлик.

Тегишли лицензияни олиб, Агентликда верификациядан ўтгандан сўнг фақат юридик шахслар “майнинг” билан шуғулланиши мумкин. Майнинг учун катта миқдорда электр энергияси талаб қилинади, шунинг учун майнинг билан шуғулланадиган шахс электр энергияси учун икки баравар тўлашга мажбур бўлади.

«Майнинг фермасини очган шахс ҳозирги энергия инқирозини ҳисобга олган ҳолда, қуёш панелларини ўрнатиши ва давлатга зарар етказмасдан хотиржам «майнинг қилиши» мумкин», – дейди Вячеслав Пак.

Матбуот анжуманида чет эл крипто-биржалари нима учун Ўзбекистонда қонунийлаштирилмагани ҳам айтиб ўтилди. Бунинг асосий сабаби фуқароларнинг хавфсизлиги, чунки пул маблағлари ўғирланган ёки ҳисоб рақами блокланган тақдирда давлат валютада савдо қилувчи фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайди.

Амалга оширилган ташаббуслар натижасида хусусан, хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг янги турларини жорий этиш орқали крипто-активлар миллий бозори кенгайтирилди. МДҲ ва Марказий Осиёдаги биринчи қонуний криптодўконлар фаолияти учун 4 та лицензия берилди.

Лицензиялаш тизимини янгилаш ва криптоактивлар соҳасидаги фаолият учун қатъий белгиланган тўловларни тўлаш тизимини жорий этиш бюджетга қўшимча 3,5 миллиард сўм тушишини таъминлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.