Ҳиндистонда мадраса бузилишига қарши тўқнашувларда тўрт киши ҳалок бўлди

Фото: Reportaj.az

Ҳиндистон шимолидаги Уттаракханд штатининг Халдвани шаҳрида маҳаллий аҳолининг мадраса ва масжид бузилишига қарши полиция билан тўқнашуви оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, 250 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бу ҳақда маҳаллий полиция хабар беради.

«Бандхулпурда (шаҳарнинг тумани) содир бўлган зўравонлик натижасида тўрт киши ҳалок бўлган ва 100 дан ортиқ полициячи яраланган», деди полиция вакили журналистларга. Тўқнашувнинг 150 дан ортиқ иштирокчиси, жумладан, маҳаллий маъмурият вакиллари ва журналистлар ҳам яраланган.

Тўқнашув пайшанба куни кечқурун бир гуруҳ ҳукумат амалдорлари полиция ҳамроҳлигида қурилиши маъмурият ва маҳкама томонидан ноқонуний деб топилган мадраса ва унинг яқинидаги масжидни бузишни бошлаганида бошланган. Бу ҳаракат ҳудуд аҳолисининг қаттиқ қаршилигига учраган. Улар полицияга тош отишни бошлаган. Полиция бўлими яқинида ўқотар қурол қўллангани ва транспорт воситалари ёқиб юборилгани хабар қилинади.

Воқеа жойига қўшимча кучлар етиб келиб, кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари зарурат бўлса, отиш учун рухсат олган. “Полиция ҳеч кимни провокация қилмади. Шунга қарамай, уларга ҳужум уюштирилди, полиция бўлими вайрон қилинди ва тартибсизлик иштирокчилари эса полиция ходимларини полиция участкасининг ичида ёқиб юборишга ҳаракат қилишди”, – дейди Найнитал округи судьяси Вандана Сингх.

Шаҳардаги тартибсизликларни бостириш учун комендантлик соати жорий этилди ва интернет хизматлари тўхтатилди. Маҳаллий ҳокимият мактаб ва коллежларни ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда “Рамблер” хабар беради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.