Ҳиндистоннинг «Эксимбанк»и инфратузилма ва таълим соҳаси учун Ўзбекистонга 448 млн доллар ажратмоқчи
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати маълум қилади.
Томонлар Ҳиндистон Эксимбанки томонидан Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларида устувор лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун 448 млн доллар миқдорида маблағлар ажратилишини олқишлаб, ушбу лойиҳаларни амалга жорий этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон томони савдо-иқтисодий масалалар бўйича қўшма Ишчи гуруҳ тузиш ташаббусини олқишлади.
Бундан ташқари, томонлар 2022 йилнинг биринчи чорагида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 13-йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларини, хусусан, тадбирни амалий мазмун билан тўлдиришни муҳокама қилдилар.
Шарҳлар