Инстаграмдаги сотувчи аёл фирибгар бўлиб чиқди

Фото: cyber_102

Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 51 ёшли (аёл) У.Д. ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 4.570.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик матбуот хизмати хабар беряпти.

«Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Бухоро вилояти, Қоракўл туманида яшовчи 21 ёшли (аёл) Х.Ф. содир этганлиги аниқланган», – дейилади хабарда.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган (аёл) Х.Ф., У.Д.га ўзини инстаграм платформаси орқали “Firana, store” номли профильнинг администратори сифатида таништириб, у харид қилган кийим-кечаклар учун бошланғич тўлов сифатида олдиндан 420,000 сўм пулларини ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олиб, сўнг ваъдасини бажармасдан, ёзишмаларни ўчириб юборганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.Ф.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.