ИИВ бир гуруҳ шахсларни эсдалик “олтин” соатлар билан тақдирлади, аммо тафсилотларни ошкор этишдан бош тортмоқда

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тергов департаменти эсдалик қўл соатларининг нархи ва бошқа тафсилотларни ошкор қилишдан бош тортди. Мукофотланган шахслар ҳақидаги маълумотлар ҳам ошкор этилмаган.

Очиқлик ва шаффофлик давлат харидларининг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Бироқ, шунга қарамай, давлат органлари ўзлари ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилишига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд.

“Anhor” таҳририяти ихтиёрига мансабдор шахснинг эсдалик тилларанг қўл соати билан тақдирланиши ҳақидаги сурат келиб тушди, соатнинг ичида Тергов департаментининг герби тасвирланган.

Соат олтин металлдан ясалганми ёки шунчаки тилларангми, бунга аниқлик киритиб бўлмади.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари, ўриндошлик асосида Тергов департаменти бошлиғи, полковник Яхъёжон Абдулхақовнинг 2023 йил 7 январдаги буйруғига асосан бир гуруҳ шахслар “тергов департаментининг эсдалик қўл соатлари” билан тақдирланган.

“Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг “эсдалик қўл соатлари” билан ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариб, ижобий натижаларга эришаётган ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган чет эл фуқаролари, кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар ва идоралар вакиллари тақдирланади ”, деб ёзилган мукофот гувоҳномасида.

“Анҳор” таҳририяти ушбу эсдалик соатлари билан тақдирланган шахслар, шунингдек, эсдалик соатларининг нархи, уларнинг умумий сони, етказиб берувчининг номи ва хариднинг бошқа маълумотларини тақдим этишни сўраб, Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов сўровимизга жавобан бир гуруҳ шахслари ҳақиқатан ҳам тергов департаментининг эсдалик қўл соатлари билан тақдирланганини тасдиқлади.

Бироқ ушбу эсдалик мукофотлари айнан кимга топширилгани ва бунинг мамлакат бюджетига қанчага тушгани ҳақида батафсил маълумот йўқ.

“Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаатингизга кўра, вазир ўринбосари Й.А.Абдулхақовнинг 2023 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан айрим фуқаролар ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг эсдалик қўл соатлари билан тақдирланганлигини маълум қиламиз. Мазкур эсдалик қўл соатлари 2021 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-684-сонли “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талаблари асосида харид қилинган”, — дейилади вазирликнинг расмий жавобида.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистонда давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳисобланади. Вазирлик ваколатларига давлат харидларини тартибга солиш, шунингдек, давлат харидлари субъектларидан батафсил маълумот сўраш киради.

Бу ҳолатларни ҳисобга олиб, “Аҳҳор” таҳририяти ушбу маълумотни кенг жамоатчиликка ошкор этиш умидида “олтин” эсдалик қўл соатларини харид қилиш бўйича батафсил маълумот, жумладан унинг умумий қийматини сўраб Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига ҳам сўров юборди.

Мирзо Субхонов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.