Ипакчилик соҳасида қиймати 21 миллион доллар бўлган 11 та янги лойиҳа иш бошлаган
Ипакчилик тизимида 1 млн 186 минг нафар аҳоли банд қилинган: шундан 104 минг нафари доимий ва 1 млн 082 минг нафари мавсумий. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзбекипаксаноати» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Музаффар Муҳаммаджонов маълум қилди.
«2023 йил давомида пиллачилик кластерлари томонидан тут ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш орқали пилла етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида республика бўйича жами 124.1 млн туп тут кўчатлари экилиб, тутзорлар 54,8 минг гектарга ва якка қатор тут дарахтлари 217,4 млн тупга етказилди», – дейилади хабарда.
Республикада жорий йилда 443,5 минг қути ипак қурти парваришланиб 25,8 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди ҳамда ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 107 фоизга етказилган.
«Жорий йилда етиштирилган пилла хомашёси тизим корхоналари томонидан тўлиқ қайта ишланиб, ипак маҳсулотлари экспортга йўналтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги ПҚ-459-сон қарорига асосан умумий қиймати 21 млн доллар бўлган 11 та янги лойиҳалар ишга туширилди» – дейилади хабарда.
Соҳада хорижий алоқаларни ҳам кенг йўлга қўйиш борасида натижадор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Озарбайжон Респубикаси Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи (2022 йил 21-22 июнь) доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган хужжатлар, шунингдек Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 11-йиғилиши баёни билан тасдиқланган “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида Озарбайжоннинг Барда туманида “Az silk” МЧЖ қўшма корхонаси негизида 1 млн доллар инвестиция ҳисобига пиллани қайта ишлаш бўйича замонавий корхона ишга туширилди.
Бундан ташқари Озарбайжоннинг Евлах тажриба агропаркида “Azting” МЧЖ қўшма корхонаси негизида тутчилик хўжалиги ташкил этилди, бунинг учун 500 минг доллар йўналтирилди.
Шарҳлар