Пентагон раҳбари Ллойд Остин яна касалхонага ётқизилди. У ўз вазифаларини ўринбосарига топширди

Фото: Reuters

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Уолтер Рид номидаги ҳарбий тиббиёт марказига ётқизилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер маълум қилишича, унда сийдик пуфаги билан боғлиқ муаммоларга ишора қилувчи симптомлар пайдо бўлган. Бу вазирнинг йил бошидан буён иккинчи марта касалхонага ётқизилиши бўлиб, декабрда унда простата саратони аниқланган эди.

Остин тахминан 14:20 да (Тошкент вақти билан 12 февраль 00:20 да) касалхонага жойлаштирилган. Бу ҳақда Оқ уй, Конгресс, ҚК Штаб бошлиқлари қўмитаси хабардор қилинган.

Кейинроқ Ллойд Остин ўз вазифаларини ўринбосари Кэтлин Хиксга топширгани маълум бўлди.

Ллойд Остин 70 ёшда бўлиб, Пентагон раҳбари лавозимига 2021 йил январида киришган. У ушбу лавозимдаги илк афроамерикалик ҳисобланади.

Аввалроқ Остин январь бошида касалхонага ётиб, бу ҳақда тўрт кун давомида Оқ уй ва Пентагонни хабардор қилмагани учун узр сўраган эди. Январь бошида 70 ёшли Остин касалхонага тушиб қолди, аммо бу ҳақда на Пентагон ва на Оқ уй бир неча кун давомида хабардор қилинмади. АҚШ Мудофаа вазирлиги тўрт кун ўтганидан кейингина Остиннинг касалхонада экани ҳақида хабар берди.

Республикачилар партияси вакиллари Пентагон раҳбарини танқид қилиб, муассаса ва унинг асосий мансабдорлари саломатлигига алоқадор масалаларда кўпроқ шаффофликни талаб қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.