Қирғизистон Қамбар-Ота-1 ГЭСини Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бирга қуради
Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида Қирғизистондаги Қамбар-Ота-1 ГЭСи Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда қурилишини айтди. Бу ҳақда Kloop.kg нашри ёзади.
Президент ГЭСни мамлакат ўз кучи билан қуриши мумкинлигини, лекин бунинг учун кўп вақт ва маблағ талаб қилинишини таъкидлади.
“Бу йил биз тўғон қурилиши жойигача ўз кучимиз билан қурилишни бошлаймиз. Қўшниларимиз Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам ГЭС қурилишига қўшилади. Учала томон иштирокида техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилмоқда. Бунга бир-икки йил вақт талаб қилиниши маълум бўлди. Тугатишимиз билан дарҳол [қурилишни] бошлаймиз”, деди президент.
Жапаровнинг сўзларига кўра, ГЭС қурилишида бошқа инвесторлар ҳам иштирок этиши мумкин.
“Бу ГЭС бизга фақат электр энергиясидан фойдаланиш учун керак, Қозоғистон ва Ўзбекистон эса кўпроқ сувга муҳтож. Шундай экан, ҳар икки давлат ҳам ГЭС қурилишида иштирок этса, сармоя киритса яхши бўлади”, — деди давлат раҳбари.
2022 йил март ойи охирида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари Оқилбек Жапаров ҳукумат 2022 йилда Қамбар-Ота-1 ГЭСи қурилишига 20 миллион доллар ажратишни режалаштираётганини маълум қилган эди.
Кейин Жапаров ГЭС қурилиши «тез орада» бошланишини айтди, аммо аниқ саналарни айтмади. Шунингдек, у ГЭСнинг яқин 3-5 йил ичида ишга тушиши ҳақида хабар берди.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг айтишича, Қамбар-ота-1 ГЭСи ишга туширилса, у Қамбар-ота-2 ГЭСининг ишлашига имконият яратади.
“Унда иккита ГЭСнинг умумий белгиланган ва ишга туширилган қуввати 1000 мегаваттни ташкил қилади. Агар биз уни фойдали киловатт соатга айлантирсак, бу тахминан 3,5-4 миллиард кВт соатни ташкил қилади. Бу ҳозирда Токтогул ГЭСи ишлаб чиқараётган миқдорга тенг”, — дейди Жапаров.
Шарҳлар