,

Қирғизистонда ҳибсга олинган 11 нафар журналист икки ойга тергов изоляторига юборилди

Иллюстрация: Татьяна Зеленская

Temirov Live лойиҳасининг барча 11 нафар собиқ ва ҳозирги ходимлари икки ой муддатга тергов изоляторига жўнатилди. Булар Махабат Тажибек қизи, Сапар Акунбеков, Азамат Ишенбеков, Саипидин Султаналиев, Актилек Капаров, Тинистан Асипбеков, Максат Тажибек уулу, Жоудар Бузумов, Жумабек Турдалиев, Аике Бейшекеева, Акил Орозбеков. ОАВ вакиллари суд жараёнига киритилмади.

Полиция 16 январь куни эрта тонгда Temirov Live лойиҳаси ва “Айт Айт Десе”нинг собиқ ва ҳозирги ходимларини тинтув қилди. 11 нафар журналист тинтув қилиниб, ҳибсга олинди, уйларидан смартфон ва ноутбуклари мусодара қилинди. Ички ишлар вазирлиги ходимлари Temirov Live офисини муҳрлаб, у ердан жиҳоз ва ҳужжатларни ҳам олиб кетган.

11 кишининг барчаси “оммавий тартибсизликларга чақириш”да гумон қилинмоқда. Улар қўлга олиниб, 48 соатга вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Бир кун аввал, 15 январь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 24.kg агентлигининг Бишкекдаги офисида тинтув ўтказган, барча жиҳозларни олиб кетган ва офиснинг ўзини муҳрлаб қўйган. Нашр раҳбарияти ҳам махсус хизмат томонидан сўроққа олиб кетилган. Давлат қўмитаси маълум қилишича, тинтув “уруш тарғиботи” моддаси бўйича жиноят иши доирасида ўтказилган. Ишда 24.kg раҳбарияти гувоҳ сифатида иштирок этмоқда.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон расмийларини журналистларни жиноий таъқиб қилишни тўхтатишга чақирган. Ҳужжатда таъкидланишича, оммавий ахборот воситаларига қарши жиноий ишлар Қирғизистонда сўз эркинлигига қарши кампаниянинг кучайиши фонида қўзғатилган ва «мустақил ОАВ орасида қўрқув муҳитини кучайтириши» мумкин.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.