Қирғизистонда собиқ депутат Салайдин Айдаров ҳибсга олинди
Собиқ депутат Салайдин Айдаров уюшган жиноий гуруҳни молиялаштиришда гумонланиб қўлга олинди. Сиёсатчи Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ҳибсга олинган ва Бишкекнинг Октябрь тумани суди қарори билан 4 сентябрга қадар ҳибсда сақланади. Бу ҳақда Kloop хабар беради.
Аввалроқ худди шу модда билан ўшлик тадбиркор Жалил Атамбаев ҳибсга олинган эди. 2018 йилда интернетда Жалил Атамбаев ва собиқ депутат Нурғози Айдаров ўзбек тадбиркори Салимбой Абдувалиевни мақтаган видеоси тарқалди, у “Салимбай байвача” деб ҳам аталади.
Кейинчалик Абдувалиев билан сурат пайдо бўлди, унда юқорида айтиб ўтилган Нургази Айдаровдан ташқари бошқа қирғизистонлик сиёсатчилар – ҳозирда собиқ депутатлар Дамирбек Асилбек уулу ва Салайдин Айдаров, шунингдек, “Аю” компанияси раҳбари Шаршенбек Абдикеримов ҳам бор эди.
Кейин Салайдин Айдаров Қирғизистоннинг “Азаттык” нашрига Абдувалиев билан спорт масалалари бўйича учрашганини тасдиқлади. Айдаров Абдувалиевнинг жиноятга алоқадорлигини рад этди.
Фото ва видеонинг деярли барча иштирокчилари қонун билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган. Шу тариқа, Дамирбек Асилбек уулу уюшган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида Қозоғистонда 10 йилга қамалган, бироқ Қирғизистонга экстрадиция қилинганидан кейин қўйиб юборилган.
Шаршенбек Абдикеримов суд қарори билан сиртдан ҳибсга олинган, унинг иккита заводи мусодара қилинган.
Салимбой Абдувалиев Ўзбекистонда судланган, шунингдек, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан қидирувга берилган.
Шарҳлар