ИШИД билан алоқаларда гумон қилинаётган контрабандчи ўзбекистонликларнинг АҚШга кириб боришига ёрдам берган

Фото: Facebook/CBPgov

Федерал тергов бюроси (ФТБ) Мексика орқали АҚШга ИШИД билан алоқаларда шубҳаланган шахс ёрдамида кирган ўнлаб ўзбекистонлик мигрантларни текшириб кўрмоқда, – деб ёзади “Газета.uz” CNN га таянган ҳолда.

CNN маълумотларига кўра, ўтган йил бошида ўзбекистонлик мигрантлар гуруҳи АҚШнинг жанубий чегарасидан бошпана сўраган. Ички хавфсизлик вазирлигининг текшируви “хавотир уйғотадиган ҳеч қандай маълумотни аниқламаган”, шунинг учун уларни иммиграция суди мажлисигача қўйиб юбришган.

Чет эл фуқароларини АҚШга кириб келишларига ёрдам бераётган террорчилик тармоғи ҳақида ФТБ кейинроқ хабар топган, дейилади мақолада. Бу тармоққа ИШИД билан алоқаларда гумон қилинган камида битта шахс ҳам кирган.

“Ҳозирча ҳеч кимни қамоққа олиш учун етарли далил йўқ, бироқ воқеа шундай ташвишли эдики, президент Жо Байден маъмуриятининг мансабдор шахсларига шошилинч разведка ҳисоботи тарқатилган», – деб ёзади CNN. Бу АҚШ “Мексика чегараси орқали мамлакатга кириб олишга ҳаракат қилаётган бошпана талабгорлар оқими орасида яшириниб юрган террорчилар олдида жуда заиф эканини” кўрсатишини таъкидлайди.

Контрабандачи ҳақидаги маълумотдан сўнг, ФТБ агентлари бутун мамлакат бўйлаб “мигрантларни излаб, уларнинг таржимаи ҳолини аниқлашни бошлашган”, дейди CNN. ФТБ шунингдек контрабандачи ва унинг тармоғидаги бошқа аъзоларни қамоққа олган Туркия ҳокимияти билан ҳам алоқага чиққан.

Америкалик мансабдорларнинг айтишича, АҚШ махсус хизматлари контрабандачини террорчи гуруҳ аъзоси эмас, балки ташкилотга шахсий мойиллиги бор “мустақил пудратчи” деб ҳисоблайди. Разведкада у одамларга ИШИД номидан ёрдам бераётгани “эҳтимолдан узоқ” деб топилган. “Уларнинг кўпчилиги АҚШда яхши ҳаёт излаётган деб тахмин қилинмоқда”, – дейилади мақолада.

Вашингтондаги Туркия элчихонаси вакили CNN га қочқинлар тармоғининг 4 аъзоси Туркия махсус хизматлари томонидан қамоққа олинганини айтган. Улар Туркияда яшаётган Ўзбекистон, Россия ва Грузия фуқароларига АҚШга кириб олишларида ёрдам берган.

ФТБ ҳозиргача бу тармоқ орқали АҚШга кирган барча мигрантларни аниқлай олмаган ва камида 15 нафар ўзбекистонлик мигрантни қидириб топишга ҳаракат қилмоқда. Жами чегарани ўшанда 120 га яқин ўзбекистонлик кесиб ўтган, деб ёзади Reuters. ФББ уларни “жиноий хавф манбаи” деб ҳисобламоқда, дея таъкидланади CNN хабарида.

Айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва разведка органлари ходимлари CNN билан суҳбатда “Марказий Осиёдан, АҚШга қочоқларнинг асосий манбаи бўлмаган минтақадан қочоқлар сонининг ноодатий ўсиши АҚШ чегара хизматларини қўшимча текширувлар ўтказишга ундамаганидан хавотир билдирган”.

Reuters агентлигининг АҚШ ҳукуматидан олган маълумотига кўра, 2022 молия йилида АҚШ Божхона ва чегара хавфсизлиги хизмати чегарада тахминан 3200 нафар ўзбекистонлик фуқарони аниқлаган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 700 нафарга камроқ. 2022 йил октябридан 2023 йил июлигача АҚШ ва Мексика чегарасидан ўтган яқин 2 миллион мигрантдан 216 нафари АҚШ кузатув рўйхатида террорчилик билан боғлиқ шубҳа остида турган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.