Қишки таътиллар 24 январга қадар узайтирилди
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги халқ таълими тизимидаги директор, директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда педагог-ўқитувчиларнинг халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларини ташкил этиш, шунингдек, ўқувчи – ёшлар ўртасида мавсумий грипп касаллигининг кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида халқ таълими вазирлиги қишки таътил кунларини 2022 йил 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилади.
«Таътил кунлари давомида, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида улар учун онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловлар ташкил этилади», – дейилади хабарда.
Бундан ташқари халқ таълимининг ижтимоий тармоқлари ҳамда Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари орқали турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.
Шу билан бирга вазирлик қишқи таътилнинг деярли икки ҳафтага узайтирилиши ёзги таътилларнинг давомийлигига таъсир қилмаслигини билдиради.
«Қўшимча таътил давридаги дарслар (мавзулар) чорак бошланганидан сўнг дарсларга қўшиб, тиғизлаштирилган холда ўтилади, шу боис ушбу қўшимча таътил кунлари бошқа таътилларга таъсири бўлмайди», — дейилади хабарда.
Хусусий мактабларга ҳам таътилларни узайтириш тавсия этилган. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таътилларнинг нодавлат таълим муассасаларида ҳам 24 январга қадар узайтирилишини мақсадга мувофиқ деб атади.
«Қишки таътил муддатини 2022 йил 24 январга қадар узайтириш, уларнинг раҳбар ва педагог кадрларини халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурлари асосида масофавий таълим шаклларини қўллаган ҳолда малака ошириш курсларига жалб этиш мақсадга мувофиқ», – дейилади хабарда.
Шунингдек Инспекция қишки таътил даврида ўқувчиларга озиқ-овқат берилмаслиги ҳамда бошқа сарф-харажатлар қилинмаслигини инобатга олган ҳолда уларнинг ота-оналаридан шу муддатлар учун тўлов ундирмасликни тавсия этади.
Шарҳлар