Ишлашни хоҳлаётган талабалар қандай қўллаб-қувватланади

Источник: Redd/unsplash.com

4 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари талабаларининг бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ҳозирги кунда республика олийгоҳларида 510 минг нафар талаба кундузги шаклда ўқимоқда, уларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топиш нияти борлигини билдирган.

Бу ишларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир бошчилигида республика комиссияси тузилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳам ректорлар билан бирга ҳудудларда шундай комиссиялар ташкил этади.

Комиссия вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга ҳар бир олийгоҳ кесимида “талабалар баланси”ни аниқлаб олади ҳамда вакант ўринларини таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича 1, 2 ва 3-курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради. битирувчи курслар талабаларини эса ҳоким, ректор ва корхоналар билан биргаликда келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.

Давлат раҳбари ОТМлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришлар ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Ҳар бир олийгоҳ ректорига Олий таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Бандлик марказларини ташкил этиш топширилди. Ҳар бир ОТМда бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиб, камида 10 тадан пуллик курслар, маиший ва бошқа хизматларни ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали 5 минг нафар талаба даромад келтирадиган иш билан банд бўлади.

Талабалар бандлигини таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича шарт-шароитлар яратилади. Хусусан, ОТМлар ҳудудида пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа хизматларни ташкил этган талабалар даромад солиғидан озод қилинади. Бундай талабалик лойиҳаларига жами 100 млрд сўм кредит ресурслари ажратилади.

Ректорлар бир ой муддатда ўз ҳудудида талабалар бўш вақтида ишлаб, даромад топиши учун биттадан коворкинг марказини ташкил этади.

Ректорлар олдига олийгоҳлардаги бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи лавозимлари бўйича мавжуд вакант жойларга 3 мингдан зиёд талабани ишга олиш вазифаси қўйилди.

Масалан, олийгоҳлар атрофидаги мактаб ва боғчаларда 13 минг вакант иш ўринлари мавжуд. Камида 10 минг нафар талабани улар учун жойлашуви қулай бўлган мактаб ва боғчаларга ишга жойлаштириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари вилоят ва шаҳарлар ҳокимлари, ректорлар олийгоҳлар ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорлик тизимли йўлга қўйса, 30 минг нафар талабани иш билан банд қилиш мумкинлигини таъкидлади. Бунда, вилоят ҳокимлари иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этиши лозим.

Икки ой ичида ҳудудлар ҳокимлари олийгоҳлар билан йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар ўртасида ҳамкорлик тизимини яратиб, йил якунига қадар 10 минг нафар талабанинг бандлигини таъминлаши лозим.

Йиғилишда 2021 йилда талабалар ётоқхонаси бўйича тизим яратилгани,  лекин барча ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда олиб борилмаётгани қайд этилди.

“Бир ой ичида ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олинади”, – деди Президент.

Қайси олийгоҳ ректори ётоқхона қурилишининг 50 фоизини ўз олийгоҳи маблағи ҳисобидан қилиш ташаббусини билдирса, қолган 50 фоизи бюджетдан қопланиши белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.