Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш учун беғаразлик асосида 5 трлн сўм ажратилади
Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга мувофиқ 2022 йилги ҳосилдан бошлаб пахта хомашёсини етиштириш ва пахтани териб олиш Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби жорий этилмоқда.
Бош вазир ўринбосари ва молия вазири қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ тадбирларни узлуксиз молиялаштириш учун 2022 йилда Жамғармага Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 5 триллион сўм беғараз молиявий ёрдам ҳамда Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китобларига кўра 7,5 триллион сўмгача бюджет ссудаси ажратилишини таъминлаши лозим.
Янги тартибга кўра:
а) пахта хомашёсини етиштириш ва пахта йиғим-теримини имтиёзли молиялаштириш пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари орқали амалга оширилади;
б) тижорат банклари томонидан Жамғарма ресурслари ҳисобидан қуйидагилар учун имтиёзли кредитлар ажратилади:
– пахта-тўқимачилик кластерларига пахта етиштириш учун – пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 24 ойга, шу жумладан, 18 ойлик имтиёзли давр ва 19-ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;
– Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун – пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 14 ойга;
– пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун – пахта хомашёси қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойга, шу жумладан, 3 ойлик имтиёзли давр билан.
Пахта-тўқимачилик кластерларига пахта хомашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун 12 ойгача муддатга миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тўланадиган тартиб ўрнатилмоқда. Бунда, якуний ҳисоб-китоб учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича компенсация харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилади.
Жамғарма томонидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилиши ва кластерларнинг молиявий ҳолати устидан доимий мониторингни ташкил этиш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига Жамғарма таркибида 5 штат бирлигидан иборат бўлим ташкил этилади. Жамғармага ўзи томонидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилишини аудит ва бизнес консалтинг ташкилотларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда аудитдан ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлган пахта-тўқимачилик кластерларига 2021 йил ҳосили учун пахта хомашёсини етиштиришга ажратилган имтиёзли кредитлар 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб 6 ой давомида тенг улушларда қайтарилиши белгилаб қўйилди. Бунда, Жамғарма ҳисобидан ушбу мақсадлар учун тижорат банкларига ажратилган ресурсларни қайтариш имтиёзли кредитларни қайтариш муддатига мутаносиб равишда узайтирилади.
Шарҳлар