Bo'limsiz

Ҳисоб палатаси Сурхондарёда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида қатор қонунбузарликларни аниқлади

Источник: Kuanish Reymbaev/unsplash.com

Денов тумани мактабгача таълим бўлими ходимлари томонидан жами 11,3 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси Матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади Uznews.uz нашри.

Қайд этилишича, масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлил натижаларига асосан Сурхондарё вилояти Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида қисқа муддатли назорат тадбири ўтказилган.

Бунда, масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлилларда туман мактабгача таълим ташкилотларининг айримларида қарийб 3 млрд сўмга яқин бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланганлиги бўйича шубҳали тўловлар аниқланди.

Шу асосда, ишчи ходимларга 2020-2023 йилларда ҳисобланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисобланиши ва тўланиши жойига чиққан ҳолда текширилди.

Мактабгача таълим ташкилотларида 2022-2023 йилларда ишламаган 141 нафар фуқаролар номига 4,8 млрд сўм иш ҳақи ҳисобланиб, ноқонуний ўзлаштирилган.

“Масалан, мактабгача таълим ташкилотлари масъул ходимлари томонидан ҳақиқатда ишламайдиган яқин қариндошининг номига 136,4 млн сўм ҳамда мактабгача таълим бўлимида услубчи, ҳисобчи ва сантехник лавозимларида ишлаб келаётган 9 нафар шахслар номига 279,4 млн сўм иш ҳақини қўшиб ёзиб, сохта тўлов қайдномаларини тузиш орқали ноқонуний ўзлаштирган”, — дейилади хабарда.

2020-2021 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ходимлар учун ҳисобланган иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча нақд пуллар олиниб, сохта тўлов қайдномалари орқали 1,6 млрд сўм ҳамда ҳеч қандай тўлов қайдномаларисиз 3,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, бюджет ташкилотининг харажатлар сметасида ходимларнинг иш ҳақи тўловлари учун режалаштирилган 529,1 млн сўм маблағлар ходимларнинг розилигисиз уларнинг иш ҳақлари ҳисобидан ушланмаган ҳолда газета ва журналлар обунаси учун ўтказиб юборилган.

Шунингдек, ўрганиш юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.