Исроилдан Ўзбекистонга парвозлар давом этмоқда
Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси Исроилда бўлиб турган фуқаролардан Ўзбекистонга учиш учун бемалол авиачипта олиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, фуқаролардан Исроилдаги яқинлари йўқолган ёки яраланган бўлса, консуллик бўлимини хабардор қилиш сўралди. Бу ҳақда Газета.уз нашри Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонасига таянган ҳолда ёзмоқда.
Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси Исроилда вазият ёмонлашгани сабабли мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, элчихона фуқароларнинг Исроилдан Ўзбекистонга учиш учун авиачипта олишлари мумкинлигини маълум қилди.
«Ҳозирги кунга қадар Исроилдан Ўзбекистонга учадиган авиарейслар бекор қилингани йўқ. Кетиш истагидагилар бемалол авиачипта олиб, учишлари мумкин. Ўзгаришлар тўғрисида хабар берилади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, фуқаролардан Исроилдаги Ўзбекистон фуқаролари бўлган яқинлари, дўстлари ёки танишлари йўқолган, яраланган бўлса, консуллик бўлимини ўз вақтида хабардор қилиш сўралмоқда.
Фавқулодда ҳолатларда ва шошилинч хабарлар учун телефон рақам: +972 54 485 1397.
Шарҳлар