Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бозор контрафакт хамиртурушга тўлиб кетгани ҳақида маълум қилди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги контрафакт хамиртурушларни сотиш ҳолатлари тез-тез учраётгани ҳақида хабар беради. Агентликка “Central Asia Distribution” МЧЖнинг расмий вакили – дистрибьютори мурожаат қилиб, республика ҳудудида «Angel Дрожжи хлебопекарные сухие активные», «Angel разрыхлитель теста», «Angel Дрожжи хлебопекарные сухие инстантные», «Дрожа Baker Dream» савдо белгиси остидаги маҳсулотларнинг қалбакилаштирилган нусхалари сотилаётганлигини маълум қилиб, ушбу ҳолатга қарши курашишда амалий ёрдам берилишини сўраган.
Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан аҳолини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида бозорлар ва савдо дўконларида контрафакт хамиртуруш маҳсулотларини аниқлаш юзасидан 64 та мониторинг кузатувлари амалга оширилган. Мониторинг натижасида Агентлик томонидан 54 та ҳолатда (85 фоизида) савдо ва хизмат кўрсатиш жойларида маҳсулотларнинг мавжуд ҳолатларда унинг юридик шахс номи ва савдо шохобча жойлари қайд этилиб, сўнг мутасадди ташкилотларга зарур чораларни кўриш учун маълумотнома тақдим этилган.
Агентликнинг таъкидлашича, хамиртуруш ишлаб чиқариш ишлари махсус санитария-гигиена қоидаларига риоя этилган шароитда амалга оширилиши шарт. Акс ҳолда бундай маҳсулот инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
Агентлик товарларни харид қилишдан олдин юқорида кўрсатилган қалбаки маҳсулотларнинг белгиларига эътибор бериш ва улар аниқланган тақдирда, бу ҳақда ваколатли назорат қилувчи органларга ёки Агентликнинг 1159 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш орқали хабар беришларини сўраган.
Мавзу бўйича ўқинг:
Шарҳлар