Ит талаган бола аҳволи яхшилиги маълум қилинди

Foto: videodan nusxa

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 4 ёшли болага ит ташланганлиги ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

«Миллар» дастурда маълум қилинишича, воқеа 16 октабрь куни соат 07:30 ларда содир бўлган. Аёл қизи ва ўғлини мактаб, боғчага олиб кетаётганида ит ташланиб қолган.

“Аёлим тез етиб келинг, 5-шифохонага кетяпмиз, болани кучук тишлаб ташлади, деган пайтда ҳиссиётимни сўзда ифодалаб бўлмайди”, – деган боланинг отаси.

У дайди итлар кўпайиб кетганини билдириб, уларни йўқотиш ва хавфсизлантиришни сўрамоқда. Бола ҳозир шифохонада муолажалар олмоқда.

“Бола номаълум ит томонидан тишланган. Бўйин соҳаси, кўкрак қафаси соҳаси ва ўнг қўл тўртинчи бармоғини тишлаган, кўп жароҳатлар етказилган. Қутуришга қарши вакциналар ва антибактериал дори муолажалари қилинди. Ветеринар кўриги бўйича ит назоратга олинган, у 10 кун давомида кузатилиб, соғлиғи бўйича бизга маълумот беришади. Унгача бола бизнинг шифохонада ётиб, қутуришга қарши даво муолажаларини олади. Ҳозирда боланинг аҳволи ҳозир яхши”, – деди болани даволаётган шифокор.

Тошкент тумани ободонлаштириш бошқармаси ходимининг билдиришича, болани тишлаган ит 10 кун сақланади ва эгаси бўлмаса, питомникка топширилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.