Ўзбекистонлик қиз Германияда немис тили бўйича жаҳон олимпиадасида ғолиб бўлди
Германиянинг Гёттинген шаҳрида 15—22 июль кунлари бўлиб ўтган немис тили бўйича Жаҳон олимпиадаси ғолиблари аниқланди, деб хабар бермоқда DW. Тегишли тил даражалари бўйича ўтказилган беллашувларда биринчи ўринни ўзбекистонлик Райёна Иброҳимова, бангладешлик Маҳек Хон ва шимолий македониялик Ана Котевска бўлишиб олди.
“Кумуш” ва “бронза”ни Мексика, Италия, Словакия, Польша ва Британиядан келган мактаб ўқувчилари қўлга киритди. Олимпиаданинг финал босқичида 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Рақобатчилар орасида 62 давлат вакиллари бор эди.
Гёте институти хабарига кўра, 16 ёшли Райёна Германиядаги университетлардан бирида герман филологияси йўналишида таҳсил олиш ва келажакда таржимонлик билан шуғулланишни режалаштирган. Халқаро танловнинг финал босқичига чиқиш учун у бошқа иштирокчилар сингари миллий саралаш танловида ғолиб бўлди.
Шарҳлар