Жаҳонгир Ортиқҳўжаев 7 та компаниясини сотганини айтди
1 февраль куни Термиз шаҳрида таниқли тадбиркорлар иштирокида ўтаётган “Бизнес марафон”да Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Ҳусан Мамасаидов, Зафар Ҳошимов, Лазиз Адҳамов, Умиджон Ишмуҳамедов ва Алишер Авазов каби таниқли тадбиркорлар ҳамда 400 нафарга яқин воҳалик ёшлар иштирок этди. Тадбир ҳақида берилган маълумотларда Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қатор бизнесларини сотганлиги, уларнинг айримлари хорижлик инвесторлар қўлига ўтгани ҳақида гапирган видеоси тарқалди.
Ортиқҳўжаев шундай деган: “7 та компаниямни сотдим. Crafers’ни сотдим. Чунки мен унда обрў қозонолмадим. Яъни, бу соҳани, масалан озиқ-овқат ишлаб чиқаришни эплаштиролмадим. Mediapark’ни сотдим. Ким ишлаётган бўлса, ўшанга сотдим. Ecobozor’ни сотдим, биттасини, Akfa Lightingни сотдим, Magic Cityни сотдим, яна қайси эди, ҳа, Basaltни ҳам немисларга сотдим, Knaufга”.
Шунингдек, Сурхондарё ёшлари билан учрашувда Ортиқҳўжаев, “Машина оламан, кийиниб юраман деганлар” тадбиркорликни уддаламаслигини ҳам иддао қилган. “Ёшлар билан кўп суҳбатлашаман, уларга ютуқли ўйинда машина ютсангиз нима қиласиз, деб савол бераман», – дея ўз фикрларини давом эттирган Жаҳонгир Ортиқҳўжаев.
Унинг қўшимча қилишича, кўпчилик ёшлар машина миниб юраман дейди, кам сонли ёшларимиз эса машина ют сам уни сотиб, янги тадбиркорлигимни йўлга қўяман, машинани кейин сотиб олавераман деб, жавоб беради.
“Бу билан нима демоқчиман, ниятни тўғри қилинг ва бор имкониятдан фойдаланиб, мавжуд капитални ривожлантиришга, уни кўпайтиришга ҳаракат қилинг. Сиз ўз тадбиркорлигингизни йўлга қўйиб олсангиз келажакда машиналар, уй-жойлар ўзи келаверади. Агар бор пулингизни машина ёки бирон ҳою-ҳавасга сарфласангиз унда тадбиркорлик қилолмайсиз”, – деган у.
Шарҳлар