Ортиқҳўжаевнинг сотилгани айтилган компаниялари аризачиси ёки муассиси сифатида J-UNITED GROUP турибди

Фото: Anhor.uz

1 февраль куни Термиз шаҳрида таниқли тадбиркорлар иштирокида “Бизнес марафон”да Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Ҳусан Мамасаидов, Зафар Ҳошимов, Лазиз Адҳамов, Умиджон Ишмуҳамедов ва Алишер Авазов каби таниқли тадбиркорлар ҳамда 400 нафарга яқин воҳалик ёшлар иштирок этди. Тадбир ҳақида берилган маълумотларда Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қатор бизнесларини сотганлиги, уларнинг айримлари хорижлик инвесторлар қўлига ўтгани ҳақида гапирган видеоси тарқалди.

Ортиқҳўжаев шундай деган: “7 та компаниямни сотдим. Crafersни сотдим. Чунки мен унда обрў қозонолмадим. Яъни, бу соҳани, масалан озиқ-овқат ишлаб чиқаришни эплаштиролмадим. Mediapark’ни сотдим. Ким ишлаётган бўлса, ўшанга сотдим. Ecobozor’ни сотдим, биттасини, Akfa Lightingни сотдим, Magic Cityни сотдим, яна қайси эди, ҳа, Basaltни ҳам немисларга сотдим, Knaufга”.

Аввалроқ, нашримиз “Ортиқҳўжаевга тегишли компания салкам 40 млрд АҚШ доллари устав фонд билан рўйхатдан ўтган” мазмунидаги материални тақдим этганди. Унда, Ортиқҳўжаевга алоқадор қатор МЧЖларнинг фаолият соҳалари ва устав фондлари ҳақида гап борганди. 

Келинг, юқорида санаб ўтилган еттита компания ҳозирда кимнинг номида, унинг таъсисчилари орасида Ортиқҳўжаевнинг ўзи бор ёки йўқлигини кўриб чиқамиз.

Сотиб юборилгани айтилган Magic City мажмуаси registr.stat.uz маълумотига кўра давлат рўйхатидан 27.09.2020 да ўтказилган, унинг патент эгаси сифатида STARGATE SYSTEMS МЧЖ кўрсатилган бўлиб, рўйхатдан ўтказишга ариза Ортиқҳўжаевга тегишли J-UNITED GROUP томонидан берилган. Давлат рўйхатидан 2005 йилнинг 7 декабрида ўтган STARGATE SYSTEMS МЧЖ 426 941 578 500 сўм устав фондига эга. Ушбу МЧЖнинг таъсисчилари сифатида Magic City мажуасидаги TASHKENT AQUARIUM МЧЖ ва Абдувахитов Алишер Абдужаббарович исмлари келтирилган. МЧЖга Турсунов Бобуржон Улуғбек ўғли раҳбарлик қилади. Ташкилот Тошкент шахри, Чилонзор тумани, Алмазар дахаси, 183 уй манзилида жойлашгани қайд этилган.

Ҳудди шундай, Media Park савдо белгиси сифатида Ортиқҳўжаевга тегишли J-UNITED GROUP томонидан 28.08.2015 йилда берилган аризага мувофиқ давлат рўйхатидан ўтган ва MEDIAPARK GROUP МЧЖ сифатида  25.04.2020 йилда 1 миллиард сўм устав фонд билан қайта рўйхатга олинган. Ҳозирда савдо белгиси ва МЧЖ сифатидаги гувоҳномалар фаол ҳолатда эканлигини кўришимиз мумкин. Унинг таъсисчиси сифатида Латипов Маҳмуджон Нажмиддинович, раҳбари сифатида эса Ҳакимов Сардор Равшанович кўрсатиб ўтилган.

Akfa Lighting ҳам ҳудди шундай. Дастлаб 26.03.2013 йилда товар белгиси тариқасида J-UNITED GROUP томонидан берилган аризага кўра рўйхатга олинган. Патент эгаси сифатида SMART ILLUMINATION келтирилган. Бироқ, патент эгаси сифатида кўрсатиб ўтилган компания тахминан саккиз йил ўтгач, 17.08.2021 йилда давлат рўйхатидан ўтканини кўришимиз мумкин. 

Бир қарашда Ортиқҳўжаев бугунги учрашувда айтган гаплари нечоғлик рост ёки ёлғон деган савол ҳам пайдо бўлади. Чунки фактчекинг қилишни уддалайдиган одамлар, у юқоридаги учрашувда айтган қатор компанияларнинг аксарияти унга тегишли бўлган J-UNITED GROUP аризасига кўра ёки унинг ҳаммуассислигида фаолиятини давом эттираётганлигини аниқ кўра олади. 

Агар, чиндан ҳам юқорида саналган 7 та компания бошқаларга сотиб юборилган бўлса, нега ҳануз очиқ маълумотлар порталларидаги маълумотлар ўзгартирилмагани қизиқ. Бир қарашда эса, ушбу компаниялар бегона одамларга эмас, ўзи айтиб ўтганидек, қўл остидагилар ва яқинларига ўтказилган.

Аввалги материалимиздан сўнг, Ортиқҳўжаевнинг J-UNITED GROUP компанияси устав фонди расмий ва норасмий очиқ маълумотлар порталларида икки ҳил келтирилгани ёзилиши ортидан orginfo.uz ўз маълумотларини тезкорликда тўғрилаганига гувоҳ бўлганмиз. Балки, бу гал ҳам шундай бўлар, биз кузатишни давом этамиз.

Шунингдек, Сурхондарё ёшлари билан учрашувда Ортиқҳўжаев, “Машина оламан, кийиниб юраман деганлар” тадбиркорликни уддаламаслигига ҳам иддао қилган. “Ёшлар билан кўп суҳбатлашаман, уларга ютуқли ўйинда машина ютсангиз нима қиласиз, деб савол бераман”, – дея ўз фикрларини давом эттирган Жаҳонгир Ортиқҳўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, кўпчилик ёшлар машина миниб юраман дейди, кам сонли ёшларимиз эса машина ют сам уни сотиб, янги тадбиркорлигимни йўлга қўяман, машинани кейин сотиб олавераман деб, жавоб беради. 

“Бу билан нима демоқчиман, ниятни тўғри қилинг ва бор имкониятдан фойдаланиб, мавжуд капитални ривожлантиришга, уни кўпайтиришга ҳаракат қилинг. Сиз ўз тадбиркорлигингизни йўлга қўйиб олсангиз келажакда машиналар, уй-жойлар ўзи келаверади. Агар бор пулингизни машина ёки бирон ҳою-ҳавасга сарфласангиз унда тадбиркорлик қилолмайсиз”, – деган у.

Айни пайтда Orginfo очиқ маълумотлар порталига эътибор қаратсак Ортиқҳўжаевга алоқадор 10 та ташкилот фаол иш олиб бораётганини кўришимиз мумкин. 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.