Яна энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг хабарига кўра, Нукус шаҳрида фаолият юритувчи “П.Ф.” МЧЖ масъул шахслари мактабгача таълим муассасасида давлат стандартларига жавоб бермайдиган яроқсиз газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиб, 200 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Тўрткўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса туман ЭТК муҳандиси Т.И. ЯТТ N.T.ning савдо дўконига янги электр ҳисоблагич ускунасини ўрнатиб, ҳисоблагич ўрнатилганлиги тўғрисида қалбаки далолатнома тузиб, N.T.ga жами 69 млн сўмлик электр энергиясидан қонунга хилоф равишда фойдаланишга шароит яратиб берганлиги аниқланган.
Департаментнинг Қораўзак тумани бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда “Р.с.” ва “В.М.” МЧЖ масъул шахслари электр сув насосларини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 70 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар