Янги “Меҳнат кодекси” ўзида нималарни ифода этмоқда

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Янги меҳнат кодекси контекстида аёлларнинг хавфсизлиги ва меҳнатини мухофаза қилиш. Ушбу мавзуда жорий йилнинг 30 апрелидан кучга кирувчи Ўзбекистон Республикасининг янги “Меҳнат кодекси”ни тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ташкилланмоқда. Унда журналистлар, блогерлар, ОТМ профессор-ўқитувчилари ва экспертлар иштирок этишди. Асосий масала, хавфсизлик, аёллар учун муносиб меҳнат шароитлари, Ўзбекистонда янги меҳнат кодексининг қабул қилиниши билан боғлиқ жараёнлар муҳокама марказида бўлди. Бугунги кунда инсон ҳаёти, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.

Шулардан келиб чиқган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2021 йил 14 октябрда қабул қилган, сенаторлар томонидан 2022 йил 17 мартда маъқулланган «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун президент томонидан 2022 йил 28 октябрь куни имзоланди. Меҳнат кодекси расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач, кучга киради.

Амалдаги Меҳнат кодекси 2 та қисм, 15 боб ва 294 та моддадан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси умумий ва махсус қисмлар билан бўлиб, 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат. Бундан кўринадики, янги таҳрирдаги кодекс амалдагисидан ҳажм жиҳатдан деярли икки баравар катта.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Хўш, келинг, шу борада янгиланган “Меҳнат кодекси”га киритилган айрим моддалар билан танишиб ўтсак. Бу борада меҳнат қонунчилигида нималар яққол кўзга ташланмоқда. Агар, янги тартиб ишласа, иш берувчи ва ҳодимларнинг манфаатларида нималар ўзгаради?

Ходимларнинг айрим тоифалари учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари.

Меҳнат шароити оғир, зарарли ва хавфли ишларда банд бўлган ходимлар, шунингдек ходимларнинг айрим тоифалари (аёллар, ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахслар, меҳнат қобилияти чекланган шахслар) учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари қонунчиликда белгиланади. Уларнинг меҳнатга оид муносабатларининг камситилишига амалдаги ва яқинда амалга кирувчи “Меҳнат кодекси”да нималар дейилган.

Амалдаги Кодексда ушбу жиҳат 6-моддада ифодаланган бўлса

6-модда. Меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши

Меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди.

Амалга киритиладиган Кодексда бу 4-модда орқали ифодаланмоқда

4-модда. Меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш принципи

Меҳнат ва машғулотлар соҳасида ходимларнинг ҳуқуқларини меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (оилавий вазифаларни бажариш билан банд бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлик билан боғлиқ ҳолда асосланган тарзда фарқлаш, истисно этиш, уларга афзаллик бериш, шунингдек уларни чеклаш камситиш деб ҳисобланмайди.

Феруза Нажмиддинова – Қалампир.уз интернет нашри журналисти

– “Бугунги кундаги аёлларнинг ҳуқуқларини топталиши бу, меҳнат ҳуқуқларининг ҳам топталиши ҳисобланади. Чунки ижтимоий тармоқларда кўп муҳокима бўлади, оилали аёлларни ишга қабул қилмаслик ёки уларни иш вақтидан вақитлироқ кетишлари муаммо бўлиши ҳар доим муҳокима қилинади. Қонунчиликда ҳам буни яҳшилаб миҳлаб қўйиш керак. Аёлларнинг ҳуқуқлари доим ҳимояда бўлиши лозим ва улар ҳам у аёл бўлгани учун ишга қабул қилинмаслиги, у она бўлгани учун, унинг ёш боласи бўлгани учун ишга қабул қилмаслиги керак эмас. Аксинча, унинг потенциалига, уни қанчалик яхши, қанчалик самарали иш бера олишига қараб аёл билан муомила қилиш даркор деб ўйлайман. Исталган қонунчиликда, исталган ҳужжатлар, агар у ишласа самара беради, ишламаса бу самара бермайди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини кўриб чиқяпмиз, бу ҳаммаси иш берувчига, яъни, раҳбарга ва ходимга боғлиқ. Агар бизларнинг ҳуқуқларимиз топталса, биз ҳуқуқимизни шунчаки сўраб олишга мажбур бўламиз. Кечирарсиз, мана шу жойда менинг ҳуқуқларимни, менинг чегараларимни босиб ўтяпсиз, бу сиз томонингиздан нотўғри қилиняпти, деб. Умуман ман ҳоҳлардимки, бугун қаёқдадир ишлаганим учун, журналист бўлганим учун ёки иш берувчилар бугун бу машғулотга келишган, лекин, аслида Меҳнат қонунчилигини мактабларда ўргатилишини сўраган бўлар эдим. Чунки биз, муаммога дуч келмас эканмиз, ўша муаммода мен айибдорманми, мен ҳақманми ёки иш берувчи ҳақми, деган саволларимиз жуда ҳам кўп. Айнан иш вақти бўйича, таътиллар бўйича, қўшимча дам олиш кунлари ва шу кабилар бўйича саволларимиз жуда ҳам кўп. Лекин, биз буларни билмаймиз. Қачонки муаммога дуч келамиз, қачонки муҳокамали вазият бўлиб қолади, ўша дақиқада ўрганишга ёки ҳуқуқшуносга мурожаат қилишга тўғри келиб қолади. Ҳамма кадрлар ҳам, ҳамма отдел кадрлар ҳам, ҳамма бухгалтерлар ҳам айирим вазиятларда ходимлар тарафда бўлмайди. Бу энг катта муаммоларимиздан бири”, – дейди Қалампир.уз интернет нашри журналисти Феруза Нажмиддинова.

Кодекс ходимлар, иш берувчилар ва Давлат манфаатларининг мувозанати ва мувофиқлаштирилишига асосланган индевидуал меҳнат муносабатлари ва бевосита иш фаолияти билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилиш, айрим тоифадаги ишчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари, аёллар ва оилавий мажбуриятлар билан шуғулланувчи шахслар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари, аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларга оид кўплаб нормалар янги меҳнат кодексида ўз аксини топган.

Меҳнат қонунчилигига эътибор қаратамиз, амалдаги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмаслиги қайд этилган. Янги Меҳнат кодексида эса, дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун олти ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланмоқда.

Амалдаги Меҳнат кодексида меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга асосан:

– тарафларнинг келишувига кўра;

– тарафлардан бирининг ташаббуси билан;

– муддатнинг тугаши билан;

– тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;

– меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра, бекор қилинади.

Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек, қонунда йўл қўйиладиган бош­қа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.

Бундан ташқари амалдаги кодексда муддатга сайланмагани, танлов бўйича ўтмагани ёхуд сайланишда ё танловда қатнашишни рад этгани муносабати билан ҳам меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги кўзда тутилганди.

Мазкур нормаларнинг аниқ ва тушунарли қайд этилмагани иш берувчи билан ходим ўртасида меҳнат шарномасини бекор қилишда суд амалиётида муайян келишмовчилик ва ноқулайликларни юзага келтирарди. Айниқса, кодекснинг 97-моддаси ва 99-моддасида қайд этилган нормалар туфайли кўплаб низолар келиб чиқарди.

Янги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат тарзда белгиланди:

1) тарафларнинг келишуви (ушбу кодекснинг 157-моддаси);

2) меҳнат шартномаси муддатининг тугаши (ушбу кодекснинг 158-моддаси);

3) меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра, бекор қилиш (ушбу кодекснинг 160-моддаси);

4) меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига биноан бекор қилиш (ушбу кодекснинг 161-моддаси);

5) ташкилот мулкдорининг алмашгани, унинг қайта ташкил этилгани, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги, яъни бўйсунуви ўзгаргани муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши (ушбу кодекснинг 156-моддаси бешинчи қисми);

6) ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши (ушбу кодекснинг 137-моддаси тўртинчи қисми);

7) ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши (ушбу кодекснинг 146-моддаси бешинчи қисми);

8) ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра, қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда (ушбу кодекснинг 143-моддаси иккинчи қисми);

9) тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (ушбу кодекснинг 168-моддаси);

10) янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш (ушбу кодекснинг 169-моддаси);

11) ушбу кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослардан иборат этиб белгиланди.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 7-бандида номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига оид норма бор.

Бу ҳолат мамлакатимиз Конституциясига номувофиқлиги яққол кўриниб турган бўлсада, қабул қилинган буйруқларни ғайриқонуний деб топиш имконияти мавжуд эмас эди. Шу маънода, айни норманинг янги Меҳнат кодексига киритилмагани ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқининг яққол намунаси бўлди.

Бугунги кунда иш берувчи томонидан ходимни ишдан бўшатиш тартибига риоя қилинмасдан, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган ҳолатларда ҳам суд томонидан иш берувчининг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномасига асосан даъвони рад этиш ҳолатлари сони ҳам салмоқли рақамларни ташкил этмоқда.

Амалдаги Меҳнат кодексида ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат белгиланганди. Янги Меҳнат кодексида ушбу муддат, яъни ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой этиб белгиланмоқда. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Лазокат Турикова – Таълим, фан ва маданият ҳодимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси

– “Меҳнат қонунчилигимиз бўйича, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бўйича ҳар бир шаҳс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга ва ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишда ҳамда қонунларимиз ижросини таъминлашда минг афсуски муаммолар мавжуд. Яъни биринчи сабаб бу, ходимларимизнинг ўз ҳуқуқларини етарлича билмасликлари ва иш берувчилар томонидан мана шу ҳолатни сув истеъмол қилиниши. Шунингдек, имтиёз ва кафолатлардан етарлича хабардор бўлмасликлари ҳам албатта мана шу ҳуқуқ бузилишларига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам бугунги семинаримиз айнан журналистлар билан биргаликда ўтказилгани, кўпроқ фуқороларга, шу жумладан, хотин-қизларга уларнинг ҳуқуқлари бўйича маълумотлар етказиш ва ўзларининг ҳуқуқлари бузилган пайтда қандай йўл тутишлари ҳақида уларга кўрсатмалар беришдан иборат бўлди. Албатта, янги Меҳнат кодекси кучга киришдан олдин биз унинг тарғиботини қилишимиз керак. Аёлларга мана шу ҳомиладорлик таътили билан боғлиқ, фарзанд тарбияси билан боғлиқ ва ўй ишларини асосий иш билан баробар олиб бораётган ҳолатларда уларга бўлаётган юкламанинг кўплиги ва улгуриши, жисмоний зўриқиш ҳолатларида уларга нисбатан алоҳида қисқартилирилган иш вақтлари ва қўшимча таътиллар берилиши, уларни иш берувчи томонидан фуқороликнинг мажбурий суғирта қилиниши яъни ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида, уларга узоқ йиллик стажи учун қўшимча таътиллар берилиши ҳақидаги меъёрлар тушинтиришга ҳаракат қилинди” дейди – Таълим, фан ва маданият ҳодимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Лазокат Турикова.

Ташкил этилган анжуманда, юқоридаги каби муҳим, долзарб ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган фикрлар илгари сурилди. Ана шуларда келиб чиққан ҳолда амалдаги ва яқин кунларда амалга кирувчи меҳнат кодексининг турли моддалари, унинг техник жиҳатларига алоҳида аҳамият берилди.

Анжуман аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қайта тайёрлаш ва иш пайтида хавфсизликни таъминлаш масалаларини ўрганиш учун муҳокама майдони бўлди. Ахборотни кенг аудиторияга тарқатиш учун журналист ва блогерларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, уларни бу соҳалар бўйича муҳокама майдонларига замин яратиш зарур эканлиги тадбир ташкилотчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

– “Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳатларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон ҳукуматига бевосита кўмак беришдан иборат бўлиб, асосий мақсад бу лойиҳада иккита фаолият йўналиши белгиланган. Биринчиси, хабарингиз бор, яқинда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинди ва бу кодекс шу йилнинг апрель ойидан амал қилади. Демак, бизнинг лойиҳамиз доирасида бевосита мана шу Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг амал қилинишини назорат қилиш ҳамда мониторинг қилиш. Бевосита фуқаролик жамиятининг ролини оширишдан иборат”, – дейди “ACTED” техник ҳамкорлик бўйича агентлигининг лойиҳалар мутахассиси Музаффар Исаматов.

Аёллар меҳнатини ҳимоя қилиш жуда муҳим ва ушбу жараён хотин-қизларни саноат хавфидан ҳимоя қилишга имкон беради. Бу нафақат аёллар саломатлигини, балки келажак авлодлар саломатлигини ҳам ҳимоя қилишни англатади. Афсуски, иш жойида аёллар хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ҳуқуқий билимлар етарли емас. Аёллар ҳар доим бир вақтнинг ўзида иш ва оилавий мажбуриятларни бажаришда қийинчиликларга дуч келишади, ижтимоий ҳимояга еҳтиёж сезадилар. Бу, ўз навбатида, меҳнат унумдорлигига таъсир қилади.

Хотин-қизлар хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси” мавзусидаги “Шаффоф ва ҳисобдор иқтисодий сиёсатни таъминлаш учун фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси, “Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув” дастурининг иккинчи таркибий қисми бўлиб, Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштирилади. Унинг мақсади, 2020 йилдан 2025 йилгача Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларида ислоҳотларнинг устувор йўналишларида иқтисодий сиёсатнинг самарадорлиги, ҳисобдорлиги ва шаффофлигини оширишдан иборат.

Бобур Каримов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.