“Янги Тошкент”нинг биринчи босқич бош режасини Сингапур компанияси лойиҳалаштиради
14 январь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Сингапурда Meinhardt group компаниясининг вакили Шахзад Насим билан учрашди. Музокаралар чоғида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қўшма лойиҳаларни, жумладан, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг матбуот хизмати.
Муҳокама якунлари бўйича томонлар ҳамкорликда Лойиҳалаш ва инжиниринг марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Марказнинг асосий вазифаси шаҳарсозлик ва саноат ташаббусларини амалга ошириш бўлади.
Гап «Ақлли» шаҳар “Янги Тошкент” қурилишининг биринчи босқичини, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қатор саноат корхоналарининг бош режасини лойиҳалаш ҳақида бормоқда. Марказ учун кадрлар тайёрлаш Сингапур томони тарафидан амалга оширилади.
«Газета.уз» нашрининг қайд этишича, марказ февраль-март ойларида ишга туширилиши, апрель-май ойларида “Янги Тошкент” лойиҳасининг бош режаси концепцияси ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Июль-октябрь ойларида батафсил лойиҳа режасини ишлаб чиқиш кутилмоқда. Битим қиймати 1 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, Meinhardt Group компанияси «Ўзкимёсноат» акциядорлик жамияти билан биргаликда Қашқадарё вилоятида кир ювиш воситалари учун алкилбензол ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 231 миллион долларга баҳоланган. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни якунлаш апрель-май ойларида, инвесторларни жалб қилиш ишларини бошлаш эса июль-август ойларида режалаштирилган.
Бундан ташқари, компания Хоразм вилоятида 220 миллион долларлик каустик сода ишлаб чиқариш заводи лойиҳасини амалга оширишни ҳам кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун: Meinhardt group компанияси Сингапурдаги энг йирик муҳандислик ва сармоявий компания ҳисобланади. У бутун дунё бўйлаб 510 та йирик инфратузилма ва саноат объектларини қуришда иштирок этган, ходимларининг сони 5 минг кишини ташкил қилади.
Шарҳлар