Янги қурилган уйларнинг ярим подвал хоналари яшаш хоналарига мослаштирилади

Источник: Народное слово

Ўзбекистонда кўп қаватли турар жой биноларининг ярим ертўла қисмида яшаш хонадонлари қурилади. Бу ҳақда АОКАда Қурилиш вазирининг ўринбосарлари иштирокида ўтказилган Матбуот анжуманида маълум қилинди, деб ёзади UzNews нашри.

Қайд этилишича, кўп қаватли турар жойларнинг ертўла қисмини фойдали майдонга айлантириш юзасидан республикада амалда бўлган шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи манфаатдор вазирлик ва идоралар таклифларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилган.

Бош лойиҳа институтлари томонидан 5, 7, 9, 12 ва 16 қаватли турар жой биноларининг ярим ертўла қисмида яшаш хонадонларини жойлаштириш бўйича намунавий лойиҳалар ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, барча турдаги уй-жойлар лойиҳаларида замонавий энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг миқёсда фойдаланиш назарда тутилган.

Кўп қаватли уй-жойлар қурилишида энергия тежамкор материаллардан фойдаланишни назарда тутувчи «Энергия тежамкор деворбоп тўсувчи конструкциялар, бинолар қурилишида автоклавли силикатли газобетон конструкцияларини қўллаш» номли давлат стандарти ишлаб чиқилди.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров ўзининг 18 февралдаги қарори билан ШНҚ 2.08.01−19га ўзгартишлар киритди, деб ёзади “Газета” нашри.

2.11. бандига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

— Яшаш хоналарини ертўла қаватларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

— Янги курилаётган турар жой биноларининг яримертула (цокол) қаватларида қуйидаги шартлар бажарилган ҳолларда яшаш хоналарини жойлаштиришга йўл қўйилади:

  • ерости сувлари ер сатҳидан 3 м ва ундан пастда бўлган ҳудудларда;
  • яримертула қаватининг камида 1/3 қисми ер сатҳидан юқорида лойиҳалаштирилганда;
  • яримертула қавати хоналарининг полдан шифтгача бўлган баландлиги 2,4 м дан кам бўлмаганда;
  • яримертуладан ўтувчи горизонтал муҳандислик тизимлар (тармоқлар) яшаш хоналарини инобатга олган ҳолда жойлаштирилганда;
  • хоналарнинг ташқи деворлари ва полларида иссиқлик ҳимояси таъминланганда;
  • 0331−16-сон СанҚваНталаблари бажарилганда;
  • яшаш хоналаридан тўғридан-тўғри ташқарига чиқувчи деразалар ўрнатилганда;
  • табиий ёруғлик ва инсоляция даражасининг 22 февралдан 22 октябргача бўлган даврда 2 соатдан кам бўлмаган даражаси таъминланганда;
  • ҳавонинг яхши айланиши (механик вентиляцияси) таъминланганда;
  • яримертўла қаватидаги ошхона ва санитария хоналари канализация тизими бинонинг умумий канализация тизими сатҳидан юқори бўлганда ҳамда қайтарувчи клапан билан жиҳозланганда;
  • таом тайёрлаш учун электр плиталардан фойдаланилганда;
  • табиий ва суюлтирилган газларда, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларда ҳамда портлаб ёниш хавфига эга бўлган бошқа моддалар ва материалларда ишловчи қурилмалар кўзда тутилмаганда.

Ҳужжатда яримертўла қаватларга яшаш хонадонлари жойлаштириш учун эвакуация бўйича талаблар ҳам кўзда тутилган.

Октябрда ҳукумат кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини бизнес учун ажратиш қоидаларини тасдиқлаган эди. Ертўлаларда дўконлар, киоскалар, сартарошхоналар, кафелар ва бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин. Улар фақат уйдаги квартиралар эгаларининг розилиги билан ажратилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.