Янги ўқув йилидан бошлаб спорт мактабларида спортчилар давлат буюртмаси асосида тайёрланади

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, спорт мактабларида давлат буюртмаси асосида разрядли ва унвонли спортчиларни тайёрлаш йўлга қўйилиши белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентига тақдимот жараёнида маълум бўлди.

Соҳадаги таълим муассасаларининг Паралимпия бўлимларига 10 фоизгача қўшимча квота ажратилиши ҳамда ота-оналар томонидан тўлов тартиби бекор қилиниши белгиланди. Шунингдек, қизлар учун квотани кўпайтириш орқали Халқаро олимпия қўмитасининг гендер тенгликка доир тамойиллари таъминланади.

Олимпия захиралари коллежлари Олимпия ва Паралимпия захиралари коллежлари сифатида қайта ташкил этилади.

«Давлатимиз раҳбарининг таклифига кўра, энди республикамизда ўтказиладиган барча йирик мусобақалар нафақат спортнинг олимпия турлари бўйича, балки паралимпия турлари бўййича ҳам ўтказилади. Бу мамлакатимизда параспортни ва умуман паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун янги имкониятларни яратади», – деди бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов.

Тақдимотда 15 та олимпия захиралари коллежида, 344 та спорт мактабида ва 7 та олий спорт мактабида ишлаётган 14 мингга яқин мураббийларнинг қарийб 6 минг нафари олий маълумотга эга эмаслиги қайд этилди. Шунингдек жойларда от спорти, замонавий беш кураш, регби, ўқ отиш, камондан отиш, велоспорт, сувга сакраш ва синхрон сузиш бўйича мураббийлар етишмаслиги ҳам таъкидланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.