Янги ўқув йилидан Ўзбекистон президенти гранти жорий этилади

Источник: УзА

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилинади. Президент тегишли қарорни имзолади.

Энди давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, таълим соҳалари кесимида, таълим олиш тилидан қатъи назар, республика бўйича энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Президент грантига даъвогар бўлади.

Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари ва танлов тўлиқ якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

Президент грантига даъвогар талабаларга қуйидаги минимал талабларни қўйилади:

– ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид конференция (танлов)ларда иштирок этиш;

– ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига мос камида иккита илмий-тадқиқот иши (асар)ни эълон қилиш;

– давлат тили билан бир қаторда камида битта хорижий тилни (МДҲ мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) ва Ўзбекистон тарихини билиш.

Ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланади ва тўланади. Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шу муносабат билан унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди.

Ўқув семестри якунига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳибларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади. Навбатдаги ўқув семестри якунига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади ва тўлаб борилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.