Январь воқеаларидан кейин Қозоғистон тергов изоляторларида 14 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланмоқда
Қозоғистонда рўй берган оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганларнинг 18 нафарини хориж фуқаролари, шу жумладан 14 нафарини ўзбекистонликлар ташкил этмоқда, деб ёзади “Газета” нашри.
«Оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганлар орасида тергов изоляторларида 18 нафар хориж фуқароси сақланмоқда. Уларнинг 14 нафари — Ўзбекистон, икки нафари — Россия, қолган икки нафари эса Қирғизистон фуқароси», — деб маълум қилган Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Эльвира Азимова.
Шунингдек, омбудсман ҳибсга олинган фуқаролар сақланаётган ёпиқ муассасалар мониторинги якунини ҳам эълон қилган.
«Қамоқда сақлаш шароитларига келсак, 6 январдан кейинги дастлабки 48 соат ичида ичимлик суви ва озиқ-овқатдан ўз вақтида фойдалана олмаслик ҳолатлари аниқланган. Вақтинчалик сақлаш изоляторлари ва қўлга олинганлар етказилган қўшимча биноларда муаммо ҳибсга олинганларнинг кўплиги билан боғлиқ бўлган. Кейинчалик вазият барқарорлашган. 10 январдан кейин ҳибсга олинган барчага уйларидан жўнатмаларни қабул қилишга рухсат берилган. Бугунги кунда овқатланиш меъёрларига риоя қилинмоқда, бироқ овқатланиш сифати бўйича бир қанча мурожаатлар бор», — деган Эльвира Азимова.
Қайд этиб ўтамиз, 2 январь куни Қозоғистонда ёнилғи нархи икки баравар ошиши сабабли намойишлар бошланган. Уч кунлик намойишлардан сўнг мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди, нархларнинг давлат томонидан бошқарилишини жорий этди ва учта ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилди, бироқ намойишлар тўхтамади. Қозоғистон ИИВ қўлга олинган қарийб 10 мингта намойишчи ҳақида айтмоқда. Шунингдек Тоқаев ёрдам сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилган. Қозоғистонга Россия, Беларусь ва Арманистондан тинчликпарвар қўшинлари юборилган.
Шарҳлар