Япония ҳукумати Ўзбекистонда болалар ҳимоясини кучайтириш учун 200 минг доллар ажратмоқда

Япония ҳукумати Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик шароитларида болалар ҳимоясини кучайтириш учун 200 минг АҚШ доллар миқдорида грант ёрдамини ажратмоқда, бу 70 мингдан ортиқ бола ва уларнинг оилаларининг фаровонлигини оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.

ЮНИСЕФнинг ушбу гранти доирасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан яқин ҳамкорликда “Ташхис” Республика маркази орқали фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўришда болалар ҳимоясини кучайтириш учун асос яратилади. Асосий тадбирлар Сурхондарёда болаларни ҳимоя қилиш ва уларни мутахассисларга йўналтириш билан боғлиқ ишларни юритиш жараёнида қўлланма бўлиб хизмат қиладиган идоралараро стандарт операцион процедураларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Ижтимоий хизмат ходимлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги таълим платформасини яратиш ва мустақил ўқиш учун онлайн курсларни ишлаб чиқиш орқали ўз билим ва кўникмаларини оширади. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги иккита психосоциал қўллаб-қувватлаш маркази зарур мебель ва ускуналар билан жиҳозланади.

«Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожини қўллаб-қувватлайдиган ушбу лойиҳа ЮНИСЕФ билан яқин ҳамкорликда муваффақиятли амалга оширилишини кутмоқда. Бу бизнинг Марказий Осиё минтақасида ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлашга қўшган ҳиссамиз ҳисобланади», – дейди Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Ёшинори Фужияма.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.