Экология вазирлиги Тошкентдаги ифлос ҳаво сабабларини айтди
Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши сабабларини айтиб ўтди.
Экология вазирлигининг маълумотларига кўра, сабаблар:
– Мораторий даврида 49 мингга яқин дарахт ноқонуний кесилган.
– Қурилишга мораторий эълон қилинганига қарамай, шаҳарсозлик бош режаларини тасдиқламасдан қурилиш ишларини олиб бориш.
– Автотранспорт воситалари томонидан атмосферага ташланадиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмининг кўпайиши. Тошкентда автомашиналар сони жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда, фойдаланиладиган ёқилғи сифати ва йўл ҳаракати қоидаларига ҳар доим ҳам амал қилинавермайди.
– Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиб бориши муносабати билан углеводородлар, жумладан, кўмирдан фойдаланиш ҳажмининг ошиши.
– Куз-қиш мавсумида аҳолини марказлаштирилган иссиқлик таъминоти учун амалдаги иссиқлик пунктларида мазутдан фойдаланиш ҳавонинг кучли ифлосланишига сабаб бўлмоқда.
– Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланишига шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси ва бошқалар каби табиий омиллар ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Ҳавонинг ифлосланиши муаммосига қарши курашиш учун Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги бир қатор ишларни режалаштирган. Саноат корхоналарига чанг ва газни тозалаш ускуналарини ўрнатиш, ифлосланиш манбаларини кузатиш постларини ўрнатиш, атроф-муҳит мониторингини ўтказиш бўйича автоматик станциялар яратиш шулар жумласидандир. Бу саноат корхоналаридан чиқаётган зарарли моддаларни назорат қилиш ва бартараф этиш, экологик вазиятни яхшилаш имконини беради.
Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг салбий оқибатларини камайтириш учун эса Иқтисодиёт вазирлиги қуйидагиларни таклиф қилади:
– Евро-4 стандартидан паст бўлган мотор ёқилғисидан (АИ-80 бензини) фойдаланишни тақиқлаш.
– Йўл ҳаракати тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оғирлиги 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ бўлган автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини чеклаш.
– 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини тақиқлаш, замонавий (электр транспорт воситаларига) ўтишда транспорт воситалари эгаларига имтиёз ва субсидиялар бериш.
– Трафик оқимини оптималлаштириш учун вақтинчалик трафикни тоқ ва жуфт рақамларга ажратишни ташкил қилинг.
– Шаҳарнинг марказий кўчаларида транспорт воситаларидан холи зоналар яратиш.
– жамоат транспортини электр, газ баллонли ёқилғи ва бошқа муқобил ёқилғидан фойдаланишга ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ривожлантириш.
– Барқарор микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида барча турдаги объектларни (ижтимоий ва давлат объектларидан ташқари) қуриш ва сунъий сув ҳавзалари яратишни тақиқлаш жорий этиш.
– Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ ҳудудларида кўмирдан саноат мақсадларида фойдаланиш тақиқлансин.
Шарҳлар