Эксперт: «Толибон» Қозоғистонга келади, бу фақат вақт масаласи
Қозоғистон ҳукумати томонидан Афғонистондаги «Толибон»ни миллий террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш қарори фақатгина Афғонистонга тааллуқли эмас, балки Қозоғистоннинг ички сиёсатига ҳам дахлдор, деб ҳисоблайди сиёсатшунос ва Афғонистон бўйича эксперт Андрей Серенко. Унинг фикрларини «Азиа-Плюс» нашри чоп этган.
Аввало, бу ҳаракат “Толибон” брендини расман тиклашдир. Энди Қозоғистон жамоатчилигининг кўз ўнгида, айниқса диндор қатламлар назарида, бу ташкилот мутлақо қонуний ва легитимдир. Тегишли равишда, унинг сиёсий фаолият усуллари ҳам қонуний ва мақбул ҳисобланади.
“Толибон”нинг асосий усули эса жиҳоддир. Аллоҳ йўлида қуролли кураш орқали ислом давлати барпо этиш ва мусулмонларнинг шариат асосидаги ҳаёт тарзини таъминлаш.
Бу жиҳатдан “Толибон” бошқа жиҳодчи гуруҳлардан деярли фарқ қилмайди. Марказий Осиё мамлакатларидаги “Толибон” тарафдорларининг даъволарига қарамай, улар фақат Афғонистонга хос лойиҳа эмас. Ҳатто толибларнинг ўзлари ҳам шундай деб ҳисобламайди. Уларнинг тасаввурида “Толибон” ғалабали жиҳод намунасидир.
Бу намуна афғонлар, фаластинликлар, покистонликлар, қозоғистонликлар, Россия мусулмонлари ва бошқалар учун ҳам намунадир. “Толибон” бундан мустасно ҳолатлар таклиф қилмайди.
Толибон тарғиботчилари доим ҳам аниқлаш мақсадида айрим халқлар, қабилалар ва мамлакатларномини санаб ўтишмаслиги бошқа масала. Лекин баъзан шундай қиладилар – масалан, Фаластинликлар ҳақида сўз юритганда, Ғазодаги араблар билан исроилликлар ўртасидаги жангларни шарҳлаганда шундай йўл тутадилар.
Эҳтимол, қозоғистонликлар ҳақида ҳам шундай изоҳ берадиган кун келар.
Шундоқ ҳам Қозоғистон ёшлари орасида исломлашув жараёни шиддат билан кечаётган, жумладан салафия “мазҳаби” оммалашиб бораётган шароитда (бу сўздаги қўштирноққа эътибор қилинг), “Толибон” жиҳодчи лойиҳаси ва брендини қонунийлаштириш сиёсий жасорат намунасидир. Баъзи жиҳатлари билан сиёсий эҳтиётсизликка ҳам чегарадошдир.
Жасурларнинг телбалигига мадҳиялар айтилур…
Энди бу фикрларни бирлаштирамиз.
Демак, “Толибон” бренди қозоғистонлик ёш исломчилар оммавий ижтимоий гуруҳига қонуний сифатида таклиф этилмоқда. Бу бренд жиҳод мифологияси, эстетикаси ва ёшлар субмаданиятига таянади.
У ўз навбатида, исломлашган ёшлар муҳитида жуда машҳурдир, нафақат шариат ҳақидаги орзу-умидлари туфайли, балки жиҳодчиларнинг ижтимоий адолат ҳақидаги махсус таълимоти туфайли ҳам оммабоп ҳисобланади.
Ижтимоий адолатга бўлган эҳтиёж фақат Афғонистонда эмас, Марказий Осиё республикалари, жумладан, Қозоғистон жамоатчилик фикрида ҳам мавжуд.
Қозоғистонда Толибон брендининг қонунийлаштирилиши икки сиёсий “ёлғизлик”нинг учрашиши учун ажойиб шароит яратади – адолатга бўлган кенг талаб ва ғалабали жиҳод орқали унга эришишнинг муваффақиятли модели.
Бундай шароитда, шартли равишда “Таҳриқи Толибон Қозоғистон” (ТТҚ) номи билан сиёсий ташкилот пайдо бўлиши мумкин ва ҳатто муқаррардек туюлади. Бу фақат вақт масаласи, холос.
Қозоқ “Толибон” лойиҳасининг пайдо бўлишига Қозоғистон ҳокимияти қандай жавоб қайтаради? Қандай тақиқларга мурожаат қилади?
Бугун Астана томонидан Афғон “Толибон”ини де-факто тан олиниши Кобулдаги “қаҳрли муллолар”нинг сиёсий бахтига бахт қўшмаслдиги мумкин.
Лекин Қозоғистон учун бу ҳолат, эҳтимол, жуда мураккаб ва хавфли жинни хумдан чиқариб юбориш каби бўлади.
Ким билади, уни қайтариб солиш мумкин бўладими ёки йўқ.
Шарҳлар