Энди тадбиркорлар чиқиндилари олиб кетилиши учун тўловни автоматик тарзда амалга оширади
Президентнинг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 4 январдаги 5-сонли Фармонига кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар оммавий оферта асосида амалга оширилади.
Фармонга кўра:
- оферта фақатгина фаолияти давомида алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар билан мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудудга бириктирилган санитар тозалаш корхонаси ўртасида тузилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун уларнинг фаолият турлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб, чиқинди тўплаш меъёрларини тасдиқлайди ҳамда оммавий офертадаги тўлов суммалари ушбу меъёрларга асосланган ҳолда белгиланади.
Бу орқали тадбиркорлик объектидан мазкур ҳудудга бириктирилган санитар тозалаш корхонаси чиқиндиларни олиб кетади, тадбиркор эса бунинг учун белгиланган тўловни автоматик тарзда амалга ошириши керак бўлади. Бу ўз ўрнида икки томон учун ҳам мақбул ечим ҳисобланади.
Маълумот учун, мазкур топшириқ давлат раҳбарининг жорий йил 29 март куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган.
Тадбиркорлик субъектлари ушбу тартибга амал қилмаган тақдирда қонунчиликка кўра жавобгарликка тортилади.
Шарҳлар